Шакарнинг ҳам ози ширин. Акс ҳолда...
Шакарнинг ҳам ози ширин. Акс ҳолда... Фото: escapersmilano.it
  • 26 Февраль 2018

Шакарнинг ҳам ози ширин. Акс ҳолда...

Ҳамма нарсанинг яхши ва ёмон томони бўлгани каби ижтимоий тармоқлардан ҳам керакли манфаатларда фойдаланиш ўринлидир. Акс ҳолда бу салбий оқибатларга олиб келиши муқаррар.

Булоқбоши туманида яшовчи Диёрбек Валиев ҳам умрининг сўнгги ўн йилини Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаларида ўтказди. Оила аъзолари ва яқинлари билан ўзаро мулоқотда бўлиш учун одноклассники.ру (ok.ru) ижтимоий тармоғида ўз саҳифасини очди. Дастлабки мулоқотлар фойдали суҳбатлар билан ўтди. Кейинчалик бу нарса бузғунчи ғоялар билан қоришиб кетди. Диёрбек бу ҳолатларга кўр-кўрона эргашиб кетадиган ёки билмаган ҳолда аралашиб қоладиганлар тоифасидан эмас. Чунки у қирқни қоралаган, яхши ва ёмонни фарқлай оладиган ёшда эди. Шундай бўлишига қарамай динни ниқоб қилиб, аслида бузғунчи ғояларни ўзида мужассам этган даъватлар унинг хаёлини банд этди. 

Диёрбек Валиев она юртига қайтгач, дастлаб йўналишда ҳаракатланувчи “Дамас” автомашинаси ҳайдовчисига “қармоқ ташлади”. Осонгина унинг “ўлжаси”га айланган ҳайдовчи телефон юкламасидан янграётган даъватлар таъсирига тушиб қолди. Унинг назарида бу ҳақиқий диний даъват бўлиб, исломий дунё аслида мана шу кўринишда экан, деб ўйлади у. Табиийки, бу ёзувлар шу тариқа туман доирасида илдиз ота бошлади.

Дин эркинлиги ҳукм сурган, ҳар ким хоҳлаган пайтида диний амалларни бемалол бажариш имкони мавжуд бўлган юртимизда мана шундай салбий ҳодисаларни юзага чиқараётганларнинг хатти-ҳаракатига муносиб чора кўриш адолатдандир. Шу боис ҳам унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг айрим моддалари қўлланиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Мамлакатимизда ҳамиша инсонпарварлик ғоялари олға сурилган. Ҳатто жиноят содир этиб, суднинг қора курсисида ўтирганлар ҳам бундай эътибордан четда қолмайдилар. Диёрбек Валиевга жазо чораси қўлланилаётганида ҳам унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий шароити, қарамоғида фарзандлари борлиги инобатга олинди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn