Ҳуқуқий маданият ва тафаккур
  • 11 Июнь 2014

Ҳуқуқий маданият ва тафаккур

Адлия вазирлиги томонидан “Юксак ҳуқуқий тафаккур — демократик жамият тақозоси” мавзуида ўтказилган анжуманда “Адолат” нашриётида амалга оширилаётган ишлар,  нашрларнинг мавзуси, чоп этиш ва тарқатиш сифати ҳамда истиқболдаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, ушбу муассаса Ўзбекистонда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ва такомиллаштириш, аҳолини ҳуқуқий нашрлар билан таъминлашга йўналтирилган адабиётлар чоп этиш борасида кенг кўламли вазифаларни бажариб келмоқда. Бу ерда чоп этилаётган ҳуқуқий нашрлар орасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, кодекслар, қомусий тўпламлар, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий адабиётлар, илмий-оммабоп китоблар, дарслик ва ўқув қўлланмалари ҳам бор. Айни чоғда ёшларни ҳуқуқий меросимиз билан таништириш, уларни она-Ватан ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида “Ҳуқуқий меросимиз хазинасидан”, “Ахлоқ. Адаб. Адолат” туркумларида ҳам кўплаб асарлар нашр қилинди.

Умуман, ўтган даврда 700 дан ортиқ номдаги 8 миллион нусхадан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, кодекслари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ҳуқуқшунослик соҳаларига оид илмий, илмий-оммабоп адабиёт, дарслик, ўқув қўлланмалар ва бошқа адабиётлар чоп этилди.

Қонун ҳужжатларини халқимизга тушунарли тарзда етказиш мақсадида ҳуқуқшунос олимлар ёрдамида қонун ҳужжатларига шарҳ ёзиш иши ҳам изчил давом эттирилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар, қатор қонун ҳужжатларига шарҳлар ҳамда пенсия таъминоти, хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, меҳнат қонунчилиги ва бошқа соҳаларга оид адабиётлар ана шулар жумласидандир.

Тадбирда нашриётнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бораётгани, ҳамкорлик асосида истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаётгани эътироф қилинди. Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан алоқалар йўлга қўйилгани қайд этилди. 

Анжуманда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба — “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари тўплами”, илмий-оммабоп адабиётларнинг нашр этилиши ва уларни тарқатиш, Ўзбекистон расмий нашрларини хорижий давлатларга юбориш, ўз навбатида, хорижий давлатлардан расмий нашрлар қабул қилиш борасида ахборот алмашинуви юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, тадбирда юртимиз аҳолисининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ҳамда талабаларини ҳуқуқий адабиётлар билан таъминлаш борасидаги ишлар, ҳуқуқий нашрларни чоп этиш ва тарқатиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn