Ўз уйига эга бўлди
  • 26 Февраль 2018

Ўз уйига эга бўлди

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамда хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш доимий эътиборда.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлашда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ҳам фаол қатнашаётир.

Федерациянинг махсус ишчи гуруҳи томонидан республикамизнинг барча ҳудудида кам таъминланган оилалар ижтимоий-маиший ҳолати ўрганилди. Натижада ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маиший шароитларини яхшилаш, уй-жойини таъмирлашга эҳтиёжи бўлган оилалар аниқланиб, ҳозирги пайтда уларга амалий ёрдамлар кўрсатилаяпти.

— Биргина Бухоро вилоятида ҳозиргача эҳтиёжманд оилаларнинг 26 нафар вакили уй-жой билан таъминланди, 130 нафарининг уй-жойи таъмирланди, 1443 нафарига маиший техникалар олиб берилди, 78 нафарига тиббий хизмат кўрсатилди, — дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова. — Масалан, Бухоро туманининг Ойбек номидаги маҳалласида истиқомат қилувчи М. Халилованинг хонадони эътибор туфайли обод бўлди. Уйи таъмирланиб, том қисмига профнастил қопланди. Фасад ҳамда ҳовлининг ичкариси замонавий қиёфага келтирилди. У ташаккурини шундай изҳор этди: “Бизга кўрсатилган юксак ғамхўрликдан бошимиз осмонга етди. Бундан руҳланиб фарзандларим билан томорқамизда мўъжаз иссиқхона барпо этиш ниятидамиз. Аслида ҳам шундай рағбату эътибор инсонни эзгу ишларга илҳомлантиради”.

Шофиркон туманилик 63 ёшни қаршилаган Н. Шишкоренко-Алиева ёлғиз яшайди. Унинг уйи таъмирталаб эди. Қарор ижроси доирасида унга ҳам маблағ ажратилди. Кўримсиз ҳолатга келиб қолган ҳовлининг фасади ва хоналари таъмирланган бўлса, ҳовлида қўшимча бино қурилди. Уй атрофи девор билан ўралди. Бундан мамнун бўлган онахоннинг қўллари дуода: “Қувончимнинг чегараси йўқ. Мана шундай тўкис шароит яратиб берган инсонлардан бир умр миннатдорман”, дейди у.

З. Муҳаммедова туманнинг “Дўрмон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қоғотон қишлоғида 2 нафар фарзанди билан яшайди. Турмуш ўртоғи вафот этгач, у бир оз муддат қариндошининг айвонида истиқомат қилди. Ёз чилласию қишнинг изғиринли кунларини очиқ айвонда ўтказиш эса осон эмас. Унинг ночор аҳволи ишчи гуруҳи назаридан четда қолмади. Эндиликда унинг ҳам ўз уйи бор. Бундан у тўлқинланиб сўзлайди: “Бу мен ва фарзандларим учун катта бахт. Энди она сифатида кўнглим хотиржам, ўз бошпанамиз бор. Фарзандларимни келажакда эл корига ярайдиган, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар қилиб тарбиялаш учун бор кучимни сарфлайман”.

Бугун “Халқ манфаати — олий қадрият” деган тамойил оддий одамлар, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилаларнинг турмуш тарзида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Сўз ва амал бирлиги, қарорлар фақат қоғозда эмас, балки инсонларнинг ҳаёт тарзида акс этаётгани аҳолининг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Бундай хайрли тадбирлар жамиятда меҳр-оқибат, одамийлик фазилатларини янада кучайтириши баробарида, барчани савоб иш қилишга илҳомлантираётгани, айниқса, диққатга сазовор.

— Хоразм вилоятида ўтказилган ана шундай тадбирларда ҳам касаба уюшма вакиллари хонадонларга бориб, оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий, маиший шарт-шароитини ўрганишди, — дейди М. Ўрмонбекова. — Шу асосда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида оилалардаги муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Натижада юзлаб ногиронлиги бўлган инсонлар уй-жойли бўлди, кўплаб эҳтиёжманд оилалар уйида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, яшаш шароитлари яхшиланди, саломатликлари мустаҳкамланди. Айни чоғда вилоят бўйича эҳтиёжманд оилаларнинг 24 нафарини уй-жой билан таъминлаш, 120 нафарининг тураржойларини таъмирдан чиқариш, 1332 нафарига маиший техника воситалари олиб бериш, тиббий хизматга муҳтож 72 нафар фуқаронинг саломатлигини тиклаш саъй-ҳаракатлари авжида.

“Мен ўн икки йилдан буён юролмайман. Узоқ йиллар давомида уйдан чиқмадим. Телевизор орқали мамлакатимиз раҳбарининг чиқишларини тинглаб, биз каби ногирон инсонларга кўрсатаётган меҳру эътиборларини ҳис қилиб, ўзимда яшашга рағбат сездим. Бир йил ичида тикиш ва тўқишни ўргандим. Бу ишга бош қўшган инсонлардан умрбод миннатдорман”, дейди Урганч шаҳридаги “Байналмилалчи” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зуҳра Озодбоева.

Қарор ижроси доирасидаги бундай эзгу тадбирлар мамлакатимиз барча ҳудудида кенг миқёсда давом эттирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан чекка туманларда истиқомат қилаётган ижтимоий муҳофазага муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, ёлғиз инсонларни замонавий газ плиталари ҳамда газ тўлдирилган баллонлар билан таъминлаш ишлари амалга оширилаётир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn