Тошкентда нафақадаги генерал-майор Исмаил Эргашев билан видолашув маросими бўлиб ўтди
Тошкентда нафақадаги генерал-майор Исмаил Эргашев билан видолашув маросими бўлиб ўтди Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
  • 26 Февраль 2018

Тошкентда нафақадаги генерал-майор Исмаил Эргашев билан видолашув маросими бўлиб ўтди

25 февраль куни пойтахтимиздаги Қуролли Кучлар давлат музейида нафақадаги генерал-майор Эргашев Исмаил Эргашевич билан видолашув маросими бўлиб ўтди.

И. Эргашев 24 февраль куни 73 ёшида вафот этди. Мотам маросимида кенг жамоатчилик, вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.


И. Эргашев 1945 йил 5 августда Самарқанд вилоятининг Челак туманида туғилган. Ўз ҳаётини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар ташкил этилиши ва ривожлантирилиши, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш ва мудофаа қобилиятини юксалтиришга бағишлаган генерал-майор И. Эргашев 1992-94 йилларда Мудофаа вазирлиги артиллерия бошқармаси бошлиғи, 1994-97 йилларда Мудофаа вазирлиги артиллерия бошқармаси бошлиғи – Артиллерия қўмондони, 1997-99 йилларда Мудофаа вазирининг фронт орти таъминоти ва капитал қурилиш бўйича ўринбосари, 1998-2000 йилларда Мудофаа вазирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари, 2000-2004 йилларда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, 2004-2005 йилларда Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бирлашган штаб бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.


Унинг эл-юрт тинчлиги йўлидаги фидокорона хизматлари муносиб эътироф этилган. Генерал-майор И. Эргашев мамлакатимизнинг бир қанча давлат мукофотлари, шу жумладан I ва II даражали “Шон-шараф” ҳамда “Жалолиддин Мангуберди” орденлари билан тақдирланган.
И. Эргашев ўзи туғилиб ўсган Самарқанд вилояти Челак туманида жойлашган қабристонга дафн этилди.
Мудофаа вазирлиги раҳбарияти Қуролли Кучларимизнинг ҳурматли фахрийси вафот этгани муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Халқимизнинг содиқ фарзанди, фидойи инсони, ёшларнинг меҳрибон устози генерал-майор И. Эргашев хотирамизда мангу қолади, дейилади Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn