Юлдуз Усмонованинг тилла тақинчоқларини ўмариб кетишди
Юлдуз Усмонованинг тилла тақинчоқларини ўмариб кетишди Фото: amur.info
  • 23 Февраль 2018

Юлдуз Усмонованинг тилла тақинчоқларини ўмариб кетишди

Гап Ғиждувон тумани Гаждумак маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Юлдуз Усмонова ҳақида бормоқда. Унинг ҳузурига ўтган йил куз кунларининг бирида икки нотаниш аёл келади.

“Эски пальтоларнинг ёқасини, танга, тилла тақинчоқлар сотиб оламиз” дейишади улар. Юлдузнинг қулоғидаги зирак сўзамол аёлларнинг эътиборини  тортади.
— Сингилжон, хоҳласангиз, зирагингизнинг тилла ёки тилла эмаслигини бир зумда аниқлаб берамиз, — дейди уларнинг бири.

Кутилмаган меҳмонларнинг гапларига маҳлиё бўлиб қолган уй бекаси зирагини ечиб, узатади. “Ҳожатбарорлар” уни қандайдир суюқликка ботиришади. Сирға қорайиб қолади. Шу тариқа Юлдуз уларга икки жуфт зираги ва тилла занжирини ҳам чиқариб беради. Суюқликка тушгач, улар ҳам  қорамтир тусга киради. Шунда ўзини “Нафиса” деб таништиргани қорайган тақинчоқларни икки соат ичида тозалаб келтириб берамиз, дейди ва ўзининг зирагини Юлдузга гаров тариқасида қолдиради.

Нотаниш меҳмонлар икки тугул беш-олти соатдан кейин ҳам қайтиб келишмади. Ҳе йўқ, бе йўқ, 1 миллион 600 минг сўмлик 2 жуфт зираги ва баҳоси 1 миллион сўмлик тилла занжиридан айрилган уй бекасининг юрагига қил ҳам сиғмай қолди. Ҳаловатини йўқотган аёл  ички ишлар бошқармасига мурожаат қилди.

Қидирув ишлари бошлаб юборилди. Фирибгар аёллар қаёққа ҳам қочиб боришарди. Уларни топишди. Соддадил Юлдуз Усмоновани чув туширганлар Фарғона водийсидан бўлган С. Д. ва Х. С.лар экани маълум бўлди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Юлдуз-чи, дерсиз. У учун бу бир сабоқ бўлди. Акс ҳолда етти ёт кишиларнинг найрангига учиб, панд еб қолмаган бўларди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn