Жаҳон андозаларига мос иншоот
Жаҳон андозаларига мос иншоот Фото: Ҳасан Пайдоев /"Халқ сўзи"/
  • 23 Февраль 2018

Жаҳон андозаларига мос иншоот

Аҳолига қулайлик яратиш, халқ фаровонлигини таъминлаш бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад-муддаодир. Ана шу эзгу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, йирик лойиҳалар бирин-кетин рўёбга чиқарилаётгани ҳудудлар ободлиги, одамлар турмуш даражаси яхшиланишига хизмат қилаяпти.

Чилонзор туманидаги Бунёдкор ва Чўпонота кўчалари кесишмасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси томонидан барпо этилаётган йўлўтказгич шундай истиқболли лойиҳалардан биридир. Президентимиз яқинда Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш жараёнида ушбу объект бўйича ўз тавсияларини берди. Шу асосда айни пайтда қурилиш ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда. 

Умумий узунлиги 667,5 метр бўлган мазкур иншоот ҳам аввалгиларидек, замонавий типда қад ростлайди.  Натижада йўловчию ҳайдовчига қўшимча қулайликлар яратилади.
Таъкидлаш керакки, Бунёдкор шоҳкўчаси шаҳарнинг Жанубий ва Шимолий қисмларини боғловчи энг узун ҳамда муҳим йўлларидан бири саналади. Шу боис мазкур йўналишда автомобиллар қатнови туну кун тинмайди. Магистралда жами 9 та йўлўтказгич мавжуд бўлиб, жорий йилнинг май ойида янги иншоот қуриб битказилгач, уларнинг сони яна биттага кўпаяди.

“Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган режага кўра, бунёд қилинаётган йўлўтказгич 6 та йўлакдан иборат бўлади. Унинг эстакада қисми узунлиги 488,5 метр, баландлиги 8, кенглиги эса 24,5 метрни ташкил этади.
Йирик иншоот жами 23 та устун оралиғида барпо этилади. Бу ерда, шунингдек, умумий узунлиги 124 метр бўлган иккита пиёдалар ўтиш кўприги қурилади. Йўлўтказгичнинг ёритиш тизими ҳам жаҳон андозаларига мос бўлади.

— Ҳозирги кунга келиб, 10 та таянч устунининг пойдевор ишлари тугатилди, — дейди “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси бошқарувчиси Зафар Маҳаматов. — Устки каркас ўрнатиш жараёнлари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, 2625 куб метр тупроқ, 12 070 куб метр бетон қуйиш ишлари бажарилди. Бунёдкорлик жараёнига 30 дан ортиқ техникалар, 250 нафарга яқин малакали муҳандису ишчилар жалб этилган. Йўлўтказгични белгиланган муддатда фойдаланишга топшириш мақсадида тармоқ жадваллари тасдиқланиб, қурилиш материаллари захиралари яратилмоқда. Махсус техникалар ва автотранспорт воситаларини сақлаш, таъмирлаш учун базалар, штаб ташкил этилган.

Кўприкни барпо этишда фойдаланилаётган темир-бетон конструкциялари трестга қарашли ишлаб чиқариш субъектларида тайёрланмоқда. Бундан ташқари, йўлўтказгич устунларини жойлаштиришга мўлжалланган мослама ва бошқа зарур материаллар “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти тасарруфидаги саноат корхоналарида  ишлаб чиқарилаётгани унинг таннархи арзон бўлишига, ортиқча сарф-харажатларни қисқартиришда қўл келмоқда.

Жаҳон андозаларига мос ушбу иншоот фойдаланишга топширилгач, тирбандликлар олди олинади, ҳайдовчи ва йўловчилар ортиқча вақт йўқотишига чек қўйилади.
— Ҳар куни ушбу йўналиш бўйича ҳаракатланаман, —  дейди 8-сонли автобус саройи ҳайдовчиси Элёр Ҳимматов. — Чорраҳада мунтазам тирбандликлар юзага келади, тиғиз пайтда бу ерда, ҳатто 40 дақиқагача қолиб кетилади. Бунга Чўпонота кўчасининг торлиги ҳамда Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғига келувчиларнинг кўплиги сабаб бўлади. Янги йўлўтказгич бундай тиқинларни бартараф этишга хизмат қилади, албатта.

Шу ўринда айтиш жоизки, “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси томонидан жорий йилда 7 та кўприк ва йўлўтказгич қуриш режалаштирилган. Муҳими, бунинг учун кўприксозларда техника ва технология, кўникмаю малака етарли. Демак, халқимизга қулайлик яратиш ишлари бундан кейин ҳам давом этаверади.
Мирзо МУРОТОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn