Ички ишлар вазирлиги: Адолат ва халқпарварлик фаолият мезонига айланади
  • 23 Февраль 2018

Ички ишлар вазирлиги: Адолат ва халқпарварлик фаолият мезонига айланади

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда эришилган ютуқлар билан бирга, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар очиқ-ойдин кўрсатилди ҳамда уларни ҳал этишга доир муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ҳозирги пайтда шулар асосида бошқа соҳаларда бўлгани каби ички ишлар органларида ҳам кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Буни биргина ўтган йили тизимда рўёбга чиқарилган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Аввало, вазирлик ва ҳудудий бошқармалар штат бирликлари қисқартирилиб, туман ҳамда шаҳар бўлимларининг ташкилий тузилмалари кучайтирилди ва пировардида вазиятга тез таъсир ўтказа оладиган илғор тизим шакллантирилди. Жумладан, одамларга қулайлик яратиш, тизим ходимларини аҳолига яқинлаштириш орқали жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали йўлга қўйиш учун ички ишлар органларидан узоқда жойлашган аҳоли пунктларида қўшимча 175 та бўлинма ва 824 та таянч пункти очилди. Профилактика инспекторлари 1102 нафарга кўпайтирилди.

Хўш, ушбу янгиланишлар бугун ҳаётимизда қандай самара бермоқда? Аввало, маҳалла фаоллари ҳамда хотин-қизлар, ёшлар ва нуронийлар билан ҳамкорлик алоқалари яна қайтадан йўлга қўйилиб, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ҳамда унга қарши курашишда кенг жамоатчилик фаол иштирок этаётганини айтиш зарур. Натижалар эса шунга мос. Рақамларга мурожаат қиламиз: ўтган йилда юртимизда 73 минг 692 та жиноят рўйхатга олинган. Бу эса жиноятчилик ундан олдинги йилдагига нисбатан 13 минг 720 та ёки 15,7 фоиз камайди, деганидир.

Яна бир маълумот: ўтган йили мамлакатимиздаги мавжуд 8 минг 973 та маҳалланинг 1 минг 79 тасида умуман жиноят содир этилмади. Бунинг замирида соҳага, шу жумладан, профилактика инспекторларига Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган алоҳида эътибор ётибди, десак, айни ҳақиқатдир. Профилактика инспекторлари ўз оиласи билан хизмат ҳудудида яшаши ва аҳолига тезкор ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши, уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Яъни улар хизмат уйлари ва имтиёзли равишда енгил автомобиллар билан таъминланди.

Бундай ғамхўрликка жавобан профилактика инспекторларида бурчига садоқат ҳамда фидойилик тобора юксалиб бораётир. Астойдил ишлаётган профилактика инспекторларига одамлар муносиб баҳо бермоқда, таъбир жоиз бўлса, ишонч билан қараяпти. Зеро, уларнинг аксарияти жонини хатарга қўйиб, ўз вазифасини ўташ, юртдошларимизнинг мушкулини осон қилишга бор куч-ғайратини бахшида этаётир. Ички ишлар вазирлигидан берилган маълумотга кўра, 2017 йил 13 декабрда Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Мироншоҳ 8-тор кўчаси бўйлаб ўтган катта босимдаги иссиқ сув қувури ёрилиши натижасида 18 та хонадонда яшовчи аҳоли мушкул вазиятга тушади. Шу ерга тезкорлик билан етиб келган профилактика инспектори, лейтенант Ислом Бекназаров ўзи жароҳат олган бўлишига қарамасдан, 27 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолади. Бундай фидойи инспекторлар юртимизда кўплаб топилади, ундан ҳам муҳими, улар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Тизимдаги янгиланишлардан яна бири суриштирув институти такомиллаштирилгани бўлди. Эндиликда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар бўйича олиб борилаётган суриштирув ҳаракатлари бир ой муддат ичида тамомланади. Бу эса терговнинг тез, пухта, холисона олиб борилиши учун хизмат қилади. Қолаверса, одамлар ортиқча оворагарчиликлардан қутулади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 30 ноябрдаги “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони мазкур йўналишни бугунги кун талаблари асосида ташкил этишда дастуриламал бўлмоқда. Зеро, ундан кўзланган мақсад тергов фаолиятида инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ҳамда гумон қилинувчи ва айбланувчиларга нисбатан зўравонлик ҳамда шафқатсизлик ҳолатларига мутлақо йўл қўймасликдан иборат бўлиб, айни чоғда бу борада муайян ишлар олиб борилаяпти.

— Вазирлик Тергов департаментида сўроқ жараёнини стенография қилиш, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш учун махсус тергов хоналари ташкил қилинди, — дейди Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов. — Улар Швейцария, Германия, Хитой ҳамда Жанубий Корея давлатлари тажрибалари асосида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди. Қолаверса, махсус хоналарда процессуал ҳаракатларни масофадан туриб видеоконференцалоқа усулида олиб бориш йўлга қўйилдики, бу билан далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ҳамда холисликни таъминлаш янада кучайиши, шубҳасиз.

Шу ўринда Тергов департаменти ва жойлардаги тузилмаларининг ўтган йилдаги фаолияти билан боғлиқ маълумотларга мурожаат этамиз: 69 минг 951 жиноят иши юзасидан, процессуал қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда, тергов тамомланди ҳамда жиноят учун жазо муқаррарлиги принципи тўлиқ таъминланди.

Бундай ижобий ўзгаришлар жазони ижро этиш муассасаларида ҳам кузатилаётганидан халқимиз мамнун. Улардаги маҳкумлар ётоқхоналари, ёрдамчи бинолар замон талаблари асосида қурилиб, зарур жиҳозлар ўрнатилди. Масалан, Тошкент шаҳридаги 1-Тергов ҳибсхонаси янги бинога кўчирилди. Бу ерда барча шарт-шароит мавжуд: ошхона, кутубхона, ювиниш хонаси ва бошқа маиший хизмат хоналари зарур анжомлар билан жиҳозланган.

Маҳкумларни қайта тарбиялашда ижтимоий меҳнатнинг ўрни беқиёс. Шу боис жазони ижро қилиш муассасаларида уларни ижтимоий-фойдали меҳнатга жалб этиш амалиёти кенг йўлга қўйилди. Бунинг учун улар қошида давлат унитар корхоналари очилди. Эътиборлиси, уларда меҳнат қилаётган маҳкумлар томонидан 2017 йил мобайнида 123,2 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Инсонпарварлик тамойилларига йўғрилган мазкур саъй-ҳаракатларнинг ёрқин самараси сифатида давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 6 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган, жиноятни билиб-билмай содир қилган, қилмишидан астойдил пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 2 минг 700 нафар маҳкум афв этилганлигини келтириш жоиз. Айни чоғда йил давомида жазони ижро қилиш муассасаларидаги 1 минг 932 нафар маҳкум озодликка чиқарилди, 8 минг 835 таси манзил-колонияларига ўтказилди, 9 минг 462 нафарининг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.

Ҳозир тергов ҳамда вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойлари, жазони ижро этиш муассасалари зарур видеокузатув воситалари билан таъминланмоқда. Мазкур юмушлар жорий йилнинг 1 мартига қадар якунланади.

Инсонпарварлик ҳақида сўз кетганда, халқимизнинг йиқилганни суяш, қўлдан келганича кўмаклашиш билан боғлиқ эзгу қадриятлари бугунги кунда ҳаётимиздан мустаҳкам жой эгаллаб бораётганидан кўнглимиз шод бўлади. Юртбошимиз кўрсатмаси асосида диний оқимларга бошқалар таъсирида ёки ёшлик қилиб, оқибатини билмасдан кириб қолганларнинг пушаймонлик аризаларини ўрганиш амалиётининг йўлга қўйилиши ҳам халқимизнинг ана шу қадриятларига юксак ҳурмат ва содиқлик намунаси бўлди. Унга кўра, диний экстремистик оқимларга кирганларнинг ҳар бирига нисбатан мавжуд ҳужжатлар дин уламолари, қўни-қўшни ҳамда қариндошлари, маҳалла аҳли фикрини инобатга олган ҳолда ўрганилмоқда. Кейинчалик тегишли комиссия хулоса чиқаради. Ушбу янгилик натижасида ўтган йили пушаймонлигини билдирган 18 минг нафардан ортиқ шахслар махсус ҳисобдан чиқарилди.

Бундай эзгу ислоҳотлар тизимнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги йўналишида ҳам жадал давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида билдирилган асосли ва танқидий фикрлардан келиб чиқиб, юртимиздаги мавжуд патруль-пост ҳамда йўл-патруль хизматлари стационар постларининг 74 таси тугатилди.

Ҳозир йўл-патруль хизмати ходимлари ва ҳайдовчилар ўртасидаги тушунмовчиликларни холисона, қонун асосида ҳал қилиш учун ҳар бир инспекторни уларнинг суҳбати тўла акс эттириладиган видеокамералар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Яна бир янгилик шундаки, Тошкент шаҳри, Самарқанд ҳамда Хоразм вилоятларида тажриба тариқасида йўл-патруль хизматининг мотоциклчилар гуруҳлари тузилди. Бу гуруҳлар йўл-транспорт ҳодисалари содир қилиниши ва тирбандлик ҳосил бўлишининг олдини олиш, йўл ҳамда кўчаларнинг ҳаракатланиш қийин бўлган қисмларида, одамлар гавжум жойлар ва хорижий ҳамда бошқа делегацияларни кузатишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлайди.

— Соҳада янгиланишлар кўп, ютуқ ва натижалар ҳам шунга мос, — дейди Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов. — Аммо шулар билан кифояланиб қолиш ҳозирги шиддатли замон талабларига тўғри келмайди. Тизимнинг такомиллашуви, адолат ҳамда халқпарварлик принципларининг ҳамиша муқаррар равишда ҳаққоний тасдиғини топиши хизматдаги ҳар бир ходимдан катта куч, билим ва масъулият талаб этади. Табиийки, бу кадрлар тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш ишларининг қай даражада самарали рўёбга чиқарилаётгани билан бевосита боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда ходимларни ўқитиш, уларнинг касб маҳорати ва малакасини ошириш доимий эътиборда бўлиб келаётир. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 16 августда имзоланган 3216-сонли қарори дастуриламал бўлмоқда. Унга кўра, ички ишлар органлари учун дастлабки касбий билим ҳамда кўникмага эга, ҳар томонлама етук ёшларни тарбиялаш мақсадида вазирлик тизимида мамлакатимиз барча ҳудудида биттадан, жами 14 та академик лицей фаолияти йўлга қўйилди.

Бу ҳақда бежиз гап очмадик. Ички ишлар органларида мард, ўз ишининг устаси бўлган ходимлар билан бир қаторда, тизимга ғаразли ниятда кирган, ўз манфаатини давлат ва халқ манфаатларидан устун қўядиган ходимлар ҳам учрашидан кўз юмиб бўлмайди. Айтиш керакки, тизим бундай нопок ходимлардан мунтазам равишда тозаланиб келинаяпти. Бунга мисол тариқасида ўтган йили хизмат интизомини бузган 8 минг 32 нафар ходимга интизомий жазо берилгани, шундан 230 нафари жиноий жавобгарликка тортилганини келтириш мумкин.

Умуман, бугун мамлакатимизда кечаётган изчил ислоҳотлар жараёнида одамлар ички ишлар органларидан катта ўзгариш ҳамда янгиликларни, таъбир жоиз бўлса, халқчил идора сифатида ўзини тўла намоён этишини кутмоқда. Бундай юксак ишончни оқлаш осон эмас, албатта. Бу йўлда тизим ходимлари касбга садоқат, мардлик ва фидойилик намунасини кўрсатиб, элу юрт осойишталигига камарбаста бўлмоғи ҳаётий заруратдир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn