Пойтахтимиз маҳаллаларида бепул ҳуқуқий ёрдам йўлга қўйилади
  • 23 Февраль 2018

Пойтахтимиз маҳаллаларида бепул ҳуқуқий ёрдам йўлга қўйилади

Фуқароларда қонунларга ҳурмат ва итоаткорлик ҳиссини кучайтириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мамлакатда қонун устуворлиги ҳамда қонунийликни таъминлашнинг асосий шарти ҳисобланади.

Чунки халқ билан мулоқот, одамларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш юртдошларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кўлами ва сифатини янада ошириш, айниқса, ижрочиларнинг қонун ҳужжатларидан бохабар бўлиши ҳаётий заруратлигини кўрсатди. “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазкур йўналишдаги ишларни принципиал жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.

Бинобарин, Қонунга кўра, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш давлат томонидан кафолатланади. Ҳар бир фуқаро ҳуқуқий ахборотни ҳеч бир монеликсиз излаш, олиш ҳамда уни тарқатиш ҳуқуқига эга. Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ҳуқуқий ахборотдан фойдаланиш имкониятини белгиланган тартибда яратиши шарт экани яна бир эътиборли жиҳатдир. Бугунги кунда мазкур ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти, янги ташаббуслар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Масалан, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан юридик хизмат ходимларининг ҳар бир ташкилотда қонун устуворлигини тўлиқ таъминлашдаги масъулиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бинобарин, ташкилот ҳамда идоралар фаолиятида йўл қўйилган ҳар бир камчилик бевосита юридик хизмат ходимининг фаолиятидаги камчилиги сифатида қаралиб, улардан ҳар бир ҳужжатни қонун доирасида батафсил кўриб чиқишлари талаб этилмоқда.

— Ташкилотлар раҳбарлари билан вакант юридик хизмат штат бирликларини тўлдириш ва мавжуд юридик хизмат ходимлари малакасини ошириш, уларга барча шарт-шароитни яратиб бериш бўйича фаол иш олиб бораяпмиз, — дейди Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари А. Сарабеков. — Юридик хизмат ходимлари билан доимий равишда очиқ мулоқотлар, сайёр қабуллар ўтказилиб, улар амалиётда дуч келаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш чоралари кўрилаяпти.

Эътиборлиси, юртимизда шиддатли тус олаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини кенг жамоатчиликка етказиш, янги қонун-қоидаларни тушунтириш, фуқаролар дуч келаётган муаммо ҳамда масалаларга қонун доирасида ечим топиш ишларида юридик хизмат ходимлари фаол иштирок этмоқда. Масалан, улар кўнгилли равишда жойларда маҳалла фуқаролар йиғинларига чиқиб, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, турли саволларига ечим топишга ва маҳалланинг ҳуқуқий иш юритувига кўмаклашиш ташаббусини илгари суришди. Мазкур ташаббус доирасида пойтахтимиздаги барча 505 та маҳалла фуқаролар йиғинига давлат органлари ҳамда ташкилотлари юридик хизматларида фаолият кўрсатаётган ходимлари ўз яшаш жойлари бўйича бириктирилди.

Бундай хайрли ишларга адвокатлик тузилмалари ҳам кенг жалб қилинмоқда. Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи адвокатлик тузилмалари томонидан ҳафтанинг муайян кунида фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича “Очиқ эшиклар куни” ўтказиладиган бўлди. Ушбу мақсадда пойтахтимизда фаолият олиб бораётган адвокатлар ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг бир кунида навбатчилик жадвали тасдиқланиб, адвокатлик тузилмаларида эълонлар жойлаштирилмоқда. Бунда асосий эътибор фуқаронинг бузилган ҳуқуқларини тиклашгина эмас, балки уларнинг ҳуқуқлари бузилишининг олдини олишга қаратилаётир.
Ҳақ-ҳуқуқларини билган инсон қонунни бузмайди, ҳуқуқбузарлик йўлига кирмайди. Ҳар қандай пайтда ўзининг ҳақини талаб қила олади. Пойтахтимизда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад ҳам аслида шу.
Қобил ХИДИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn