«Яшил қўрғон» ҳимояга муҳтож
«Яшил қўрғон» ҳимояга муҳтож Фото: scientificrussia.ru
  • 22 Февраль 2018

«Яшил қўрғон» ҳимояга муҳтож

Сайёрамиз экологиясининг қалқони бўлган ўрмонларни асраш, яшил майдонларни кенгайтириш давримизнинг долзарб масалаларидан биридир. Боиси, табиатнинг “яшил қўрғони” кун сайин қисқариб, маълум қисми бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Бу, ўз  навбатида, инсониятга катта ташвиш келтириши мумкин. Бинобарин, ўрмонларнинг йўқ қилиниши ёхуд улардан пала-партиш фойдаланилиши табиатда биологик хилмахилликнинг издан чиқишига, сув тошқинлари, эрозия ва қурғоқчиликлар юзага келишига сабаб бўлади.

  • Ҳисоб-китобларга қараганда, ўрмонлар кесилиши натижасида келиб чиқадиган умумбашарий зарарларни қоплаш учун ҳар йили 150 миллион гектар ерга кўчат экилиши керак экан.

  • Ўтган минг йилликнинг бошларида сайёрамиздаги қуруқлик юзасининг деярли ярми ўрмонлардан иборат бўлган бўлса, ХХ аср ўрталарига келиб, бу кўрсаткич 27 фоиз, аср охирида эса қарийб 15 фоизгача камайган.

  • Бир гектар ўрмон ўртача 150 — 200 минг аҳоли яшайдиган шаҳар ҳавосини тозалаб туриш имкониятини беради.

  • Бир йилда 100 миллион кўчат экилиб, парваришланса, атмосферага тарқалаётган карбонат ангидрид гази чиқарилишини 18 миллион тонна қисқартириш мумкин экан.

Ўсимликлар дунёси инсон саломатлиги учун шифобахш хусусиятга эга. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўртача бир гектардаги кенг баргли ўрмонлар 4-5 килограмм, нинабаргли ўрмонлар 7-8 килограмм шифобахш моддалар ажратиб, турли бактерияларни зарарсизлантиради. Бошқача айтганда, бир гектар ўрмон ўртача 150 — 200 минг аҳоли яшайдиган шаҳар ҳавосини тозалаш қувватига эга экан.
Мамлакатимизда ўрмонлар ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳар йили минглаб гектар майдонда ниҳоллар қадалаяпти. Ноёб ўсимлик ҳамда ҳайвон турларини кўпайтиришга мослаштирилган, алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар ва қўриқхоналар майдони кенгайтирилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бунда муҳим аҳамият касб этаяпти. Унга кўра, 2017 — 2019 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўрмон майдонларини кенгайтириш, кўчатлар етиштириш, доривор гиёҳлар йиғиш, чорва моллари учун яйлов майдонлари ажратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси таъминланаётир.

Шунингдек, ўрта махсус, касб­ҳунар ва олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, касб­ҳунар коллежларида ўрмон хўжалиги техниги мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни инобатга олган ҳолда, ўрмон хўжалиги тизими учун малакали мутахассислар тайёрлаш, таълим стандартлари, ўқув-режалар ва дастурларни замонавий талаблар асосида ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Бу эса талаба-ўқувчилар учун ўрмон хўжалигига оид махсус фанлар бўйича янги дарслик ва ўқув қўлланмалари тайёрлашда туртки бермоқда.
Ўзбекистон экологик ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, бу масалаларга жамоатчиликни кенг жалб этиш бўйича олиб бораётган тадбирлар ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, муҳим экологик саналарга бағишланган маънавий-маданий тадбирлар, жамоатчилик эътиборини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига жалб этишга йўналтирилган танловлар ўтказишга алоҳида аҳамият қаратилаётир. Мисол учун, мактаб ўқувчилари ўртасида “Онажоним табиат”, олий ўқув юртлари талабалари ва магистрлари ўртасида “Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя”, “Тиббиёт, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ва экология” мавзуидаги танловлар, “Табиатни биргаликда асрайлик”, “Экологик муаммоларни ҳал этишда жамоатчиликнинг ўрни” каби тадбирлар ана шулар жумласидандир.
Амалга оширилган ишлар қаторида ҳали олдимизда турган вазифалар ҳам кам эмас. Аввало, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш лозим. Экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантириш йўналишидаги истиқболли лойиҳаларни нафақат таълим муассасалари, балки ўзимиздан бошласак, тўғри бўлади. Жилла қурса, ҳовлимиз олдида ниҳол экиб, маҳалламизни кўкаламзорлаштиришга кўмаклашайлик. Зеро, оз-оз йиғилиб дарё бўлади, деганидек, бир йилда 100 миллион кўчат экилиб, кўкартириб олинса, атмосферага карбонат ангидрид гази чиқарилишини 18 миллион тонна қисқартириш мумкин экан. Бу қанчадан-қанча инсонлар саломатлигига, экологияга катта наф келтиради.

Холмат  ЗОКИРОВ,
Термиз давлат университети Экология кафедраси мудири,

Эшбўри ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон экологик ҳаракати Сурхондарё ҳудудий бўлинмаси координатори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn