Ҳар бир хонадон муаммолари ўрганилмоқда
  • 22 Февраль 2018

Ҳар бир хонадон муаммолари ўрганилмоқда

Янгийўл туманидаги иқтисодиёт коллежида Қўштепа, Чаманзор, Чангтепа маҳаллалари аҳолиси олдида ҳисобот берган 73-қишлоқ оилавий поликлиникаси бош шифокори ўз сўзини ҳудудга келиб, аҳоли кенг қатлами билан амалий мулоқотлар олиб бораётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари ҳамда улар билан бирга юрган ҳукумат мутасаддиларига миннатдорлик билдириш билан бошлади.

Гап шундаки, куни кеча улар шифо масканида бўлиб, бу ердаги муаммо ва камчиликларга мутахассислар эътиборини қаратдилар. Хусусан, шифокорлар беморларни совуқ хоналарда қабул қилаётганликлари, бу эса акс таъсир кўрсатаётганлиги кўпчиликни ранжитаётган эди. Халқ вакилларининг саъй-ҳаракати билан поликлиника иситилди, ишлаш учун қулай шароит яратилди.

Шу кунларда тумандаги мавжуд битта кўп тармоқли марказий, 6 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 3 та қишлоқ врачлик пункти раҳбарларининг маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисоботлари эшитилмоқда. Уларда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 5 январь куни туман марказий шифохонасида бўлган вақтида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, шифохонада умумий қиймати 40 миллиард сўмлик капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда.

90 ўринли умумий терапия бўлими биноси, 125 ўринли акушерлик комплекси, юқумли касалликлар бўлими қиёфаси тубдан ўзгараяпти.
Шу билан бирга, қатор камчиликлар ва муаммолар борлиги аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар жараёнида аниқланди. Туманда тор мутахассисликлар бўйича шифокорлар етишмайди. Аҳолининг тез тиббий хизматга эътирозлари бор. Жумладан, айрим ҳолларда тез ёрдам кечикиши ҳолатлари рўй бермоқда. Уларнинг дори-дармон ва бир марта ишлатадиган восита билан таъминланиши ўртача 86 фоизни ташкил этаётир. Мавжуд 22 та автомашинанинг 2 таси умуман ишламайди, 8 тасининг хизмат муддати эса 10 йилдан ошиб кетган.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги бу ва бошқа муаммоларни ҳал этиш учун депутат ҳамда сенаторлар ўз ваколатлари доирасида чора-тадбирларни белгиладилар.
— Халқ вакиллари маҳалламиздаги кам таъминланган, эътиборга муҳтож 30 оиланинг хонадонига кириб, улар билан самимий мулоқот олиб борди, — дейди тумандаги “Чангтепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қобилмуҳаммад Эрматов. — Уларга сектор раҳбарларининг ҳамроҳ бўлганлиги яхши самара бераётир. Хусусан, бизнинг маҳалламизда бир неча фуқаро ишли бўлди, айримларининг фарзандлари боғчага жойлаштирилди. Томорқа имкониятларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратдик.

Халқ вакиллари қисқа муддат ичида 450 та эҳтиёжманд оиланинг аҳволини ўрганишди. Бўлиб ўтаётган мулоқотлар жараёнида аҳоли кўпчиликни ташвишлантираётган муаммоларни ҳам ўртага ташламоқда. Мисол учун, Халқобод қишлоғида бир неча йилдан бери маданият ва аҳоли дам олиш маркази ишламайди. Уни қайта реконструкция қилиш 2017-2018 йил давлат дастурига киритилган. Таъмирлаш ишлари учун 3 миллиард 700 миллион сўм ажратилди. “Малена мелинум сервис” хусусий корхонаси молиялаштирилган 400 миллион сўм маблағни тўла ўзлаштирди. Бинонинг том қисми 70 фоиз, 6 қисми 20 фоиз, ички таъмирлаш ишлари 30 фоиз, электр-монтаж юмушлари 25 фоизга бажарилган. Бинони таъмирлаш муддати жорий йилнинг 1 августига белгиланган бўлишига қарамай, ҳозирча тегишли ташкилотлар томонидан молиялаштириш тўхтатиб қўйилган. Ушбу масалани ҳал этишни гуруҳ билан туманга келган Молия вазирлиги мутахассислари ўз зиммаларига олишди.

Зулайҳо Абдукаримова Кўкаламзор маҳалласида икки фарзанди билан ижарада яшайди. Фарзандларни боғчага жойлаштириш, шахсий уй-жойга эга бўлиш — унинг энг катта орзуси. Олиб борилган мулоқотдан сўнг унинг фарзанди боғчага жойлаштирилди, ўзи эса уй-жойга эҳтиёжмандлар рўйхатига киритилди.
Аниқланган ҳар бир муаммо ва камчилик бир пайтнинг ўзида ҳам сектор раҳбари, ҳам халқ вакиллари томонидан назоратга олинмоқда. Улар туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”га киритилади.
Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn