Маънавий бирлик давлатнинг — давлат, жамиятнинг — жамият эканини намоён этади
Маънавий бирлик давлатнинг — давлат, жамиятнинг — жамият эканини намоён этади Фото: cgpa.com.ua
  • 21 Февраль 2018

Маънавий бирлик давлатнинг — давлат, жамиятнинг — жамият эканини намоён этади

Ахборот технологиялари асрида яшамоқдамиз. Замонавий компьютерлар, интернет оғиримизни енгил, узоғимизни яқин қилмоқда. Айниқса, ахборотга бўлган эҳтиёжимизни қондиришда кенг имкониятлар бор. Бироқ биз қабул қилаётган маълумотлар, фикр-мулоҳазаларнинг барчаси ҳам холис ва ҳаққоний эмас. Уларни тафаккур чиғириғидан ўтказсак, бу янада ойдинлашади. 

Масалан, яқинда рўй берган автобус ҳалокатига ижтимоий тармоқларда билдирилган муносабатларни олайлик. Уларнинг айримларида ғийбатга зўр берилди. 52 нафар йигитимиз автобусда кетганлигини дастак қилиб, ўзбек давлатини, жамиятини қоралаб, халқаро нуфузини туширишга уринишлар бўлди. Эмишки, агарда самолёт ёки поезднинг нархи қиммат бўлмаганида улар автобусда кетмас эдилар ва бу фожиа содир бўлмасди. Нима самолёту поездларда ҳалокатлар содир бўлмайдими? Дунёда одамлар автобусларда сафарга отланишмайдими? Улар бонг уришаётгандек, иш қидириш, яхши яшаш учун ўзга юртларда ишлашга бориш иллатми? Гўё улар мудҳиш фожиадан ларзага тушганлару, келажакда бундай кўнгилсиз воқеалар содир бўлмаслиги учун жонҳалак чора излашга тушганлар.

Афсуски, кунда-шунда дунё айвонида бир қарасангиз, самолёт авиа ҳалокати, бир қарасангиз, поезд фалокати, бир қарасангиз, автотранспорт аварияси, бир қарасангиз, кема чўкканлигига кўзингиз тушади. Улар одамларнинг иродасизлиги, масъулиятсизлиги туфайли содир бўлаётганини англамаймиз. Бунда бирор техникага минишни қоралаш эмас, аксинча, унинг соз-носозлигини муҳокама қилиш, бунинг учун масъуллар жавобгарлиги ҳақида ўйлашимиз керак.

Тан олмоқлик лозимки, юртимизда иш ўринлари, яхши яшаш учун ойлик маошлари етарли эмас ва бугунги энг катта муваффақиятимиз — ушбу камчиликларни давлат раҳбарининг ўзи очиқ ойдин муҳокама этиб, уларни бартараф қилиш йўлларини қидираётганлигидир. Аммо йиллар давомида йиғилиб қолган яширин дардни бир кунда бир билан даволаб бўлмас, бунинг учун вақт ва қатъий ҳаракатлар керак. Хурсанд қилаётгани, жамиятимиздаги дардга — ишсизликка тўғри ташхис қўйилди ва даво чоралари кўрилмоқда. Аммо, дунё дунё бўлибдики, одамлар яхши яшаш учун юрт кезадилар, йўлда-чўлда нобуд ҳам бўладилар, бу гуноҳ эмас, бу жиноят эмас. Аксинча, буни тан олмасдан ғийбатга зўр беришлик, ўзга бандаларининг фожиасидан ғаразли мақсадлар йўлида қалқон ясаш — гуноҳи азим, ўз миллатдоши-диндошига қарши жамиятни барбод этиш йўлида ахборот урушига зўр бериш — жиноят.

Агар ўша автобус эгаси вақтида техник кўригидан ўтганида, йўловчи ташишга мўлжалланган автобусда йўловчиларни белгиланган меъёрда ташиганида, ёт нарсаларни қўшимча олмаганида, давлат автомобиль назорати хизмати ходимлари бунга қарши ўз ваколатлари доирасида қонуний чора кўрганларида, балки ушбу мудҳиш фожеа содир бўлмасмиди? Шунга кўра автобусни ва автобусга минишни айблаш эмас, носоз автобусни ҳайдашни ва номақбул нарсаларни автобусга жойлашни, бунга масъул ходимларнинг эътибор бермаганлигини қоралаш лозим.

Демак, жамият хавфсизлигига рахна солиш, мамлакат барқарорлигига путур етказишга интилаётган мафкуравий, ғоявий хуружлар ва хатарларга қарши доимо огоҳ булишимиз лозим. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзуидаги анжуманда таъкидлаганидек, “узоқни кўзлаб, керак бўлса, ҳаётда бир қадам олдинда юриб, бизни доғда қолдирмоқчи бўлганларнинг ҳийла-найрангларини аввалдан билиб, биринчи зарбани улар эмас, биз беришимиз зарур. Шунда давлатнинг — давлат, жамиятнинг — жамият экани бор кучи ва қудрати билан намоён бўлади”.

Баҳром АБДУРАҲИМОВ.
Ғузор тумани.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn