Ҳаётбахш ғоялар барчамизни руҳлантирди
  • 21 Февраль 2018

Ҳаётбахш ғоялар барчамизни руҳлантирди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида шу йил 16-17 февраль кунлари Бухорода бўлдилар. Юртбошимизнинг бу галги ташрифи вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий қиёфасини янада юксалтиришга қаратилган ҳаётбахш ғоялар ила йўғрилгани билан аҳамиятлидир.

Икки кун давомида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳолини доимий иш билан таъминлаш, ишлаб чиқаришни мутлақо янгича тартибда ташкил қилиш, қишлоқ хўжалигини инновацион технологиялар орқали равнақ топтиришга оид аниқ мақсадларга йўналтирилган тақдимотлар бўлиб ўтди.

Мен бир деҳқон, қолаверса, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги жараёнларнинг доимий иштирокчиси сифатида ташрифнинг ниҳоятда самарали бўлганини ҳис қилдим. Буни бир нечта омил билан изоҳлаш мумкин. Аввало, вилоятимизда кейинги уч йил давомида гидропоника усулида 50 минг гектарлик иссиқхоналар барпо этилиши қишлоқ хўжалигида жорий қилинаётган инновацион технологияларнинг қишлоқ ва чўл ҳудудларига ҳам кириб келаётганидан далолатдир. Узоқ йиллик амалий тажрибамдан биламанки, бу каби йирик лойиҳаларни амалга ошириш жуда катта куч, маблағ ва албатта, вақт талаб этади. Шунга қарамай, Юртбошимизнинг биз, бухороликларга қаратган эътибори ва ғамхўрлиги барчамизни беҳад қувонтирмоқда.

Бундан ташқари, дунёга машҳур қоракўл қўйларини кўпайтириш ва терилари довруғини қайта тиклаш бўйича берган амалий тавсиялари, йўл-йўриқлари, бу мақсадлар учун 30 миллиард сўм маблағ ажратилиши барчамизни мамнун этди. Чунки Шофиркон туманининг ўзида минглаб гектар серунум яйловлар борлиги ва ундан самарали фойдаланиш имконияти мавжудлиги бу соҳанинг истиқболларини белгилаши аниқ.

Ёки туманимизнинг мураккаб иқлим шароитини ҳисобга олиб, унумдорлиги паст, қурғоқчиликка мойил шағал ва қумлоқли ерларни бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ўтказишни сўраб қилинган мурожаатимизнинг инобатга олиниши биз, деҳқонларни руҳлантириб юборди.
Аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, миллий ҳунармандчилик ва бошқа кичик тадбиркорликни изчил ривожлантириш учун кафолатсиз, имтиёзли фоизлардаги узоқ муддатли кредитлар ажратилиши давлатимиз раҳбарининг олдимизга қўйган вазифаларни бекам-кўст уддалашда муҳим молиявий асос бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз. Асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик ва айниқса,  боғдорчиликни ривожлантиришга қаратилган ноанъанавий лойиҳалар қўллаб-қувватланиши бизни янги режалар сари ундайди.

Президентимизнинг Жилвон ҳудудида интенсив узумзорлар ташкил этиш учун ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлашни билдиргани биз, шофирконликларга бўлган алоҳида эътиборнинг намунаси, деб қабул қилдик.
Бухоро ўзининг тарихий-меъморий ёдгорликлари, улуғ сиймолари билан довруқ қозонган. Биз ана шундай табаррук заминда туғилиб, яшаётганимиздан доимо ғурурланамиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташрифи давомида Бухоронинг туризм салоҳиятини кескин ошириш билан боғлиқ масалаларга ҳам аҳамият қаратгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг тегишли кўрсатмалари ва топшириқлари асосида бу борада кўп масалалар ҳал этилди. Жумладан, вилоятимиздаги етти пир қадамжоларининг қайта обод этилиши — уларнинг “йўл харита”лари  такомиллаштирилиши билан боғлиқ аниқ таклифлар маъқулланди.

Умуман, давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи аҳоли кўнглини тоғдай кўтарди. Эртанги кунга ишончини янада ошириб, янги марраларга рағбатлантирди. Бу рағбат Юртбошимизнинг одамларни рози қилиш, уларнинг ҳаётини енгиллаштириш  ҳар биримизнинг кундалик вазифамиз бўлиши керак, деган сўзлари барчамизнинг шиоримизга айланишига, албатта, туртки бўлади.
Азим ЛАТИПОВ,
«Азим-Шофиркон юлдузи» фермер хўжалиги раҳбари,
Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn