Беш йиллик сабру тоқат: бу камми ёки...
Беш йиллик сабру тоқат: бу камми ёки... Фото: yaleentrepreneurship.com
  • 20 Февраль 2018

Беш йиллик сабру тоқат: бу камми ёки...

...Не бир машаққат билан пул йиғиб, иморат кўтарсангу яшашга оддийгина шароитинг бўлмаса, алам қилмайдими?! Албатта қилади! Гап шундаки, бундан бир неча йиллар олдин Бойсун тумани Қўшшатут қишлоғида фуқароларни уй-жой билан таъминлаш, янги массив бунёд этишни кўзлаб хайрли иш бошланган эди.

Албатта, бундан аҳоли хурсанд бўлди. Орадан ҳеч қанча ўтмай бу ерда ўнлаб иморатлар кўтарилиб, бир маҳалла тусини олди. Бироқ, мутасаддилар нима учундир бу сўлим қишлоқчага электр токи тортиб келтиришни унитиб қолдиришди. Албатта, бу бепарволик узоққа чўзилмаганда, одамлар йиллаб чироққа солярка қидириб сарсон бўлмаганларида ҳаммаси жойидадагидек эди.

Лекин бир эмас. Икки эмас беш йил аҳоли шу ҳасратда кун кечирди. Ўтган йиллар  мобайнида туман, вилоят ва республика миқёсида қилинган шикоятлар қумга сингиган сувдек ном-нишонсиз кетди. Фақат қишлоқ аҳолисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига мурожаати масаланинг ижобий томонга ҳал этилишида ёрдам берди — қишлоққа чироқ келди.

Ҳар нарса йўқлигида азиз. Шу боис бўлса керак, электр энергия билан таъминланган қишлоқ аҳолисининг қувончу шодлигини ҳис этиш учун бир ҳафта ёки бир ой чироқсиз ўтиришнинг ўзи кифоя.

Илҳом РАҲМАТОВ,
“Халқ сўзи” мухбири

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn