Сурхондарёда бодом гуллади
Сурхондарёда бодом гуллади Фото: liveInternet.ru
  • 20 Февраль 2018

Сурхондарёда бодом гуллади

Бу йилги қиш жануб томонларда “омонати”ни топшираётган кўринади. Зеро, баҳор нафаси бодомнинг нафис гуллари ичра хушбўй ифорлари билан Сурхон тарафларга ташриф буюрди.

Демак, бодомқовоқ қизлардек кўркам кўклам ҳадемай боғлар, қиру адирларга ўз сепин ёяди. Борлиқ янгиланади, яшаради. Мовий осмон оқ булутларни бағрига босиб қувончдан йиғлайди. Майин ёмғирлар ботир бойчечакларнинг бошини силаб, барра майсаларга куч, гулу чечакларга рангу тароват бағишлайди. Меҳнаткаш боларилар ғўнғир-ғўнғир қилиб, қалдирғочлар чуғурлашиб тириклик ҳақида баёт айтади. Ҳаёт завқини ошириб, қалбларга эзгу ният ва орзу-умидларни жойлайди...

Ана шундай минг бир жилоланишларни кўриш, кузатиш нақадар мароқли бўлса, шу қадар тотли. Шулар уйғунлигида яшагинг, тинмай ишлагинг, ижод қилгинг келаверади.
Бахтиёр шоирнинг дилкаш сатрлари эса беихтиёр тилимизда такрорланаверади:

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор,
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор...

Ана шундай кўкламона, наврўзона кайфият ҳеч қачон сизу бизни тарк этмасин, барчамизни меҳр-муҳаббат, одамийлик, эзгуликлар сари чорлайверсин!
Самимиятга лиммо-лим ҳар бир тоза юракда бодомлар биринчи бўлиб гуллайверсин!
Илҳом РАҲМАТОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn