Бебаҳо неъматдан оқилона фойдаланайлик
  • 20 Февраль 2018

Бебаҳо неъматдан оқилона фойдаланайлик

Самарқанд вилоятидаги “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида сувдан оқилона фойдаланиш, унинг исрофгарчилигига йўл қўймаслик масалаларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

“Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича хабардорликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш” лойиҳаси доирасида уюштирилган мазкур анжуманда тегишли вазирлик ҳамда идоралар масъул ходимлари, соҳа мутахассислари, журналистлар иштирок этди. 

Ер шарининг катта қисми сув билан қопланганига қарамасдан, унинг, бор-йўғи, 2,8 фоизи истеъмол учун яроқли, холос. Шунга қарамай, инсониятнинг табиат неъматларига нооқилона муносабатда бўлиши сабабли чучук сув захиралари тобора камайиб бораётгани ташвишланарлидир. Шу нуқтаи назардан, тадбирда халқимиз бебаҳо неъмат сифатида қадрлайдиган сув ресурсларидан тежаб-тергаб фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуманда глобал исиш оқибатлари ўлароқ, дунё музликларининг эриши, йирик кўлларнинг қуриётгани, инсон ҳаёти хавфсизлигига таҳдид солаётган жиддий иқлим ўзгаришлари ҳақида маълумотлар берилди.

Юртимизда ушбу ҳолатларнинг олдини олиш, оқибатларини юмшатиш борасида тегишли тавсиялар ишлаб чиқилган.
Якунда иштирокчилар “Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида обиҳаётнинг ҳар томчисидан оқилона фойдаланишни кенг тарғиб этиш керак”, деган якдил фикрга келдилар.
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn