Мардлик ва ватанпарварлик фазилатларини тарбияловчи мактаб
Мардлик ва ватанпарварлик фазилатларини тарбияловчи мактаб Фото: Ҳасан Пайдоев /"Халқ сўзи"/
  • 20 Февраль 2018

Мардлик ва ватанпарварлик фазилатларини тарбияловчи мактаб

Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юртида ҳар йили белгиланган хизмат муддатларини ўтаган муддатли ҳарбий хизматчиларни кузатишга бағишланган маросим ўтказиш яхши анъанага айланган. Бу йилги тадбир мазмун ва мундарижаси билан аввалгиларидан кескин фарқ қилди.

Маросим одатдагидек клубда 250 — 300 киши иштирокида эмас, балки билим юрти саф майдонида, 2,5 мингдан ортиқ ўқувчи-ёшларни таклиф қилган ҳолда ташкил этилди.
Майдон марказига бундан бир йил олдин бу ерга келиб, муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлганлар саф тортишди. Улар йил давомида ўзларига юклатилган вазифаларни адо этиб, Ватан олдидаги конституциявий бурчларини шараф билан бажардилар. Ҳарбий ва жанговар маънавий-маърифий тайёргарликда юксак натижаларни қўлга киритдилар.

Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ уюштирилган тадбирда қатнашганлар миллий армиямиз минглаб ўғлонлар учун чинакам мардлик, фидойилик, ватанпарварлик мактабига айланганлигини алоҳида таъкидладилар.

Чиндан ҳам, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида таъкидлаганидек, амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз, армия ҳамда халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли Кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланиб бормоқда.

Ватан олдидаги бурчини фахр билан адо этаётганлар орасида оддий аскар Эркин Нажмиддинов ҳам бор. Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманидан чақирилган бу йигит йил давомида жасорат мактабидан сабоқ олди. Маънавий, жисмоний жиҳатдан юксалди. Буни бўлиб ўтган тест синовларида энг юқори кўрсаткичга эришганлиги ҳам кўрсатиб турибди.
Келбатли йигит бундан бир йил аввал турникда ўн марта тортилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткични 30 тага етказди. 100 метрли масофага аввалгидек 13 сонияда эмас, 11 сонияда югурмоқда.
— Энг муҳими, ота-онамнинг, юртимизнинг қадрига етадиган, уни янада кўпроқ ардоқлайдиган бўлдим, — дейди оддий аскар Э. Нажмиддинов. — Ҳарбий соҳада фаолият юритишни ният қилгандим. Шу мақсадда олий ҳарбий билим юртида ўқимоқчиман.

Дарвоқе, кўплаб аскарларга, шулар қаторида бу йигитга ҳам олий ўқув юртларига киришда имтиёз берадиган тавсиянома топширилди. Юксак натижа кўрсатиб, уйларига тавсиянома билан қайтаётганлар орасида қорақалпоғистонлик Анвар Омонгелдиев, жиззахлик Мурод Ҳотамов ҳам айнан мана шу ўқув юртида малакаларини, билимларини оширишларини билдирдилар.

Тадбир давомида Чирчиқ шаҳридаги касб-ҳунар билим юрти, умумтаълим мактаби ўқувчилари, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларини ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан таништириш мақсадида экскурсия ташкил қилинди. Ҳарбий техника воситалари имкониятлари намойиш этилди.
— Бугунги тадбирда ҳарбийликка бўлган меҳр-муҳаббатим янада ортди, — дейди Чирчиқдаги саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Аваз Йўлдошев. — Соҳа эгалари билан бўлиб ўтган жонли мулоқотда тасаввурим  кенгайди. Келгусида ҳарбий хизматчи бўлишга аҳд қилдим.  Тадбир давомида ҳарбий ва жанговар тайёргарликда юксак натижаларга эришганларга фахрий ёрлиқлар, совғалар топширилди. Концерт дастури намойиш этилди. Билим юрти курсантларининг кўргазмали чиқишлари ҳам маросимга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn