Эзгу мақсадлар рўёби халқимизга кўтаринки руҳ ва шижоат бағишламоқда
  • 20 Февраль 2018

Эзгу мақсадлар рўёби халқимизга кўтаринки руҳ ва шижоат бағишламоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи чоғида ижтимоий-иқтисодий жабҳада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиб, бунёдкорлик ва ободончилик юмушларини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш даражасини янада юксалтириш юзасидан зарур кўрсатма, таклиф ҳамда тавсиялар бергани воҳа аҳлига кўтаринки руҳ ва шижоат бағишлади. Буни ўз олдиларига юксак марраларни қўйган бухороликларнинг қуйидаги дил сўзларидан ҳам билиш мумкин.

Соҳиб КЕНЖАЕВ,
Когон туманидаги “Аҳолитранс” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори:
— Инсоннинг қўли гул, дейишади. Агар киши азму шижоат билан ишга киришса, саҳрода боғу бўстон барпо этиши мумкин. Бу ҳақда бежиз тўхталмаяпман. Бундан салкам бир йил аввал давлатимиз раҳбари вилоятимизда бўлганларида, маиший чиқиндиларни қайта ишлашга ихтисослаштирилган замонавий кластер барпо қилиш лойиҳаси билан танишган эдилар. Ана шу лойиҳа ҳаётга изчил татбиқ этилди. Дастлаб “ноль” қийматида олинган бино ва иншоотлар таъмирланди.

Хориждан 970 минг АҚШ доллари қийматидаги замонавий саралаш линияси харид қилинди. Кейин эса лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга оширилиб, чиқиндиларни қайта ишлаш ускуналари, махсус автомашиналар, жумладан, 7 та мультилифтлик механизм, юклагич ва экскаваторлар, автокран ҳамда юк машиналари сотиб олинди. 400 дан зиёд  иш ўринлари яратилди. Шу тариқа резина ва яроқсиз шиналардан муқобил ёқилғи, шох-шабба, хазон ҳамда ёғоч чиқиндиларидан брикет кўмир, қурилиш чиқиндиларидан иморатбоп блоклар каби жами ўндан зиёд турдаги маҳсулотлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Лойиҳа ижтимоий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Чунки эндиликда маиший чиқиндиларни зарарсизлантириш полигонларига эҳтиёж қолмаяпти. Экологик муҳит ҳам яхшиланади. Президентимиз корхонамизга ташриф буюриб, эътиборимизни масаланинг ана шу жиҳатларига қаратдилар. Фаолиятимизни кенгайтириш бўйича тавсиялар бердилар. Кластер ён-атрофида ишчиларимиз учун тураржойлар, иссиқхона, инфратузилма объектлари қуриш борасидаги режаларни маъқулладилар. Бу корхонамиз жамоаси кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди.

Олима РАФИЕВА,
Бухоро шаҳридаги 54-мактабгача таълим муассасаси раҳбари:
— 28 йилдан буён шу соҳада турли вазифаларда ишлаб келаяпман. Очиғи, тизимга бугун жуда катта эътибор қаратилаётир. Мен, аввало, давлати-
миз раҳбарининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларни назарда тутаяпман, албатта. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, муассасамиз биноси ўтган йили 1 миллиард 200 миллион сўмлик маблағ эвазига таъмирдан чиқарилди. Зарур жиҳозлар олинди. Президентимизнинг муассасамизга ташриф буюришлари эса бу ерда тарбияланаётган 300 нафар жажжи ўғил-қиз, уларнинг ота-оналари, жамоамиз учун чинакамига байрамга айланди.

Юртбошимиз масканимизда яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, биз билан суҳбатлашдилар. Тажриба тариқасида ташкил этилган қисқа муддатли бошланғич ривожлантириш маркази фаолияти афзалликлари ҳақида сўзлаб бердик. Ўз навбатида, соҳа учун мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш, услубий қўлланмалар яратиш каби масалаларда таклифларимизни баён этдик. Президентимиз бола боғча ёшида билимни осон ва тез ўзлаштиришини таъкидлаб, бола тарбияси билан шуғулланиш бу қаҳрамонликдир, дедилар ва муассасамизни методик тажриба алмашиш марказига айлантириш юзасидан топшириқ бердилар. Бу ишончни оқлаш йўлида билим ва тажрибамизни аямаймиз.

Нигина ЙЎЛДОШЕВА,
Бухоро давлат университети талабаси:
— Президентимиз қай бир ҳудудга бормасин, у ерда яшовчи ёшлар ҳаёти билан жиддий қизиқадилар, навқирон авлод вакиллари билан учрашадилар. Вилоятимизга ташрифлари чоғида давлатимиз раҳбари муҳташам Ёшлар марказида бўлдилар. Бу ерда биз, ёшлар учун яратилган қулайликлар билан танишиб, ўзларининг қимматли маслаҳатларини бердилар.

Марказга бежиз “муҳташам” дея таъриф бермадим. Иншоот жуда кўркам. Унда 808 ўринли томоша зали, 280 ўринга мўлжалланган кино зали, веб-дизайн ва ахборот-ресурс маркази, турли тўгараклар жойлашган. Бу ерда тенгдошларим хорижий тилларни ўрганиш, рассомлик, тикувчилик, актёрлик каби бир қатор йўналишларда ўз иқтидорларини юзага чиқариш, билим ва кўникмаларини ошириш имконига эгалар. У бир пайтнинг ўзида 3 минг нафар йигит-қизга хизмат кўрсата олади. Ана шундай имкониятлардан оқилона фойдаланаётган ёшлар қаторида эканлигимдан фахрланаман. Жумладан, инглиз ва рус тилларини чуқур ўрганганман. Ҳозир эса марказда испан тили бўйича сабоқ олаяпман.

Дарвоқе, яқинда “Many languаges One World” халқаро танловида муваффақиятли қатнашиб, Америка Қўшма Штатларида жойлашган БМТ минбаридан маъруза қилиш бахтига муяссар бўлдим. Ватанимизнинг бой тарихи, юртимизда юз бераётган янгиланишлар ҳақида ғурурланиб сўзладим. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёшларнинг менга ҳавас билан қарашганидан фахрланиб кетдим. Биз илм-фан, спорт ва бошқа жабҳалардаги ана шундай ютуқларимиз билан ота-боболаримизга муносиб фарзанд бўламиз!

Саидқули ОҚҚИЕВ,
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Олот тумани бўлинмаси раиси:
— Яқинда Бухородан Когон сари йўл олиб, қисқа фурсатда амалга оширилган ишларни кўриб, лол қолдим. Кўп қаватли уйлар, савдо ва маиший хизмат объектлари қад ростлабди. Биргина вилоятимиз марказида 167 та кўп қаватли уй қурилаётганини айтмайсизми? Бу каби ўзгаришлар, бунёдкорлик юмушлари, сайёҳлар учун яратилаётган қулайликлар кишини чиндан ҳам ҳайратга солади. “Етти пир” қадамжоси бўйлаб давом эттирилаётган ободончилик ишлари ҳам диққатга сазовор.

Аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар эса барчада миннатдорлик туйғусини уйғотмоқда. Айниқса, Олот ва Қоракўл туманларида ичимлик суви муаммосини ҳал этиш борасидаги улкан ишлардан бошимиз кўкка етди. Лойиҳага мувофиқ, салкам 140 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланиб, ҳар иккала туман аҳли учун марказлашган ичимлик суви тармоқлари тортилмоқда. Президентимиз вилоятда бўлганларида, бу хайрли ишни тезроқ, сифатли бажариш юзасидан зарур кўрсатмалар бердилар. Бинобарин, халқимизнинг асрий орзулари рўёбига яқин қолди.
«Халқ сўзи» мухбири
Истам ИБРОҲИМОВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn