Ишонч, эъзоз ва рағбат
  • 10 Июнь 2014

Ишонч, эъзоз ва рағбат

истеъдодли, интилувчан, шижоатли қизларимизнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамламоқда

Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жамиятда соғлом муҳит барқарорлигини таъминлашда хотин-қизлар фаол иштирок этмоқда.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Фармони ушбу йўналишдаги ислоҳотларни янада юқори босқичга кўтарди. Тизимда амалга оширилаётган кенг қамровли тадбирлар хотин-қизларнинг оилада, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаб, уларнинг  интеллектуал-касбий билим ва маҳоратини оширишда ўз самараларини бермоқда. 

Шу ўринда иқтидорли қизларимизга кўрсатилаётган эътибор ва рағбатни алоҳида таъкидлаш жоиз. Президентимиз Фармонига мувофиқ таъсис этилган Зулфия номидаги Давлат мукофоти бунинг яққол тасдиғидир. Истеъдодли қизларга бериладиган бундай нуфузли мукофот фақатгина бизда, мустақил Ўзбекистонда борлиги ҳар биримизни ғурурлантиради. Бинобарин, бугунги кунгача юртимиздаги кўплаб қизлар аъло хулқи, зукколиги, ўқишдаги муваффақиятлари, ташаббускорлиги билан ноёб қобилиятини намоён этиб, адабиёт, маданият, санъат, таълим ва спорт соҳаларида алоҳида ютуқларга эришиб, шундай юксак мукофот совриндори бўлишди.

Эътиборли томони, бугунги кунда улар мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштироки, ташаббускорлиги билан барчага ўрнак бўлаётир. Хусусан,  2000 — 2014 йиллар давомида 212 нафар қиз мазкур мукофотга сазовор бўлган бўлса, совриндорларнинг 100 нафардан зиёди академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Шулардан 8 нафари Ўзбекистон Президенти стипендияси, 10 нафари Навоий, Ибн Сино стипендиялари совриндоридир. Шунингдек, уларнинг 32 нафари вазирлик, идора ва ташкилотларда, 8 нафари сиёсий партияларда, 11 нафари ўқув юртларида, 22 нафари марказий ва ҳудудий матбуот нашрларида фаолият юритаётир. 20 нафардан зиёди эса ўз фаолиятларини спортнинг бир қанча йўналишларида давом эттириб, Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларида, қатор халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб келмоқдалар. Совриндорларнинг аксарият қисми “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг фаол ва ташаббускор аъзоларидир. 

Шу ўринда қизларимизнинг бадиий ижод соҳасида эришаётган ютуқлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, айни пайтда 7 нафар совриндор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига, ўн нафарининг  энг сара ижод намуналари эса китоб шаклида нашр этиш учун “Ижод” фондига тавсия қилинди.

Қолаверса, жорий йилда Хотин-қизлар қўмитаси ва “Оила”  илмий-амалий маркази ҳамкорлигида мукофот совриндорларидан 40 нафарининг тиббиёт, ҳуқуқ, интернет-журналистикаси, “оммавий маданият”нинг ёшлар онгига таъсири, электрон адабиётларни тарғиб этиш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш каби долзарб мавзуларда тайёрлаган ўзбек ва хорижий тиллардаги маъруза ҳамда мақолалари асосида “Илм-фан тараққиёти ва ёшлар” номли илмий тўплам нашр этилиб, тақдимоти ўтказилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Зулфия номидаги Давлат мукофоти муносиблар ичида энг муносибларига берилмоқда. Яна бир эътиборли томони шундаки, танловда иштирок этган, бироқ сўнгги босқичда етарлича баҳо ололмаган иқтидорли қизлар ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Улар ҳам, ўз навбатида, Хотин-қизлар қўмитасининг “Иқтидорли қизлар захираси” таркибига киритилиб, жамоат ишларига жалб этилмоқда. Мақсадимиз қизларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш экан, албатта, бунда уларнинг маҳаллалар, оилалардаги тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялашдаги масъулиятини оширишимиз ҳаётий заруратдир. 

Гулнора МАРУФОВА,

Республика Хотин-қизлар

қўмитаси раиси ўринбосари.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn