Ҳамзаободдаги шифобахш булоқнинг кўзи очиқ. Одамларнинг-чи?
Ҳамзаободдаги шифобахш булоқнинг кўзи очиқ. Одамларнинг-чи? Муаллиф олган суратлар.
  • 19 Февраль 2018

Ҳамзаободдаги шифобахш булоқнинг кўзи очиқ. Одамларнинг-чи?

Сиз тасвирда кўриб турган бу вайрона аслида ўзининг шифобахш суви билан машҳур. Шундай бўлса-да, дардига даво изловчи минглаб юртдошларимиз ундан баҳраманд бўлиш учун республикамизнинг турли вилоятларидан ташриф буюрмоқдалар. Нега дейсизми? Унинг шифобахшлик хусусиятлари ҳақида қуйида ёзилган маълумотларни ўқиб, саволингизга жавоб оласиз.

Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманидаги Ҳамзаобод маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида жойлашган бу сунъий булоқдаги сув 2000 метр ер остидан табиий равишда оқиб чиқмоқда. У йилнинг тўрт фаслида 41 даража илиқликка эга. Шу боис қишнинг қаҳратон чилласида ҳам бемалол чўмилиш мумкин. Ҳайратланарлиси шундаки, юқори даражада бўлгани билан ёзнинг жазирамасида ҳам этни куйдирмайди. Қайтанга, ижобий хусусияти билан малҳам бўлади.

Сув таркибида калий, натрий, магний, кальций, хлор, сульфат тузлари каби 20 дан ортиқ кимёвий моддалар мавжуд. Айниқса, бу булоқдан оқиб чиқаётган оби неъматнинг аллергик, асаб, ошқозон-ичак, урологик, эндокрин касалликларни даволашда фойдаси катта.

— Оёғим ва белим оғриб туради, — дейди Сурхондарё вилоятидан ташриф буюрган Илҳом Примов. — Ҳаво ҳарорати пасайгани сари бўғимларимдаги оғриқ азоб бера бошлайди. Шифокорларнинг маслаҳати билан турли дори-дармонларни истеъмол қилиб келганман. Бироқ Жалақудуқ туманида табиий сув мавжудлигини эшитганимдан сўнг ихлос билан бу ерга келдим. Сувда уч марта чўмилганимдан сўнг, ижобий таъсирини сеза бошладим. Одатда ҳар йили санаторийга бориб даволаниб келишимга тўғри келаётганди. Икки йилдан буён дард қўзғашини кутиб ўтирмай, шу сувда чўмилишни одат қилганман. Кўриб турганингиздек, бардам-бақувватман.

Она-табиатнинг ўзи табиб. Лекин минг дардга даво бўлаётган мана шундай сув захирасини замин ўз бағрида асраб-авайлаб, бизга етказиб бераётган бир пайтда унга бўлган муносабат дилимизни ранжитади, албатта. Тўғри, бу расман қайд этилмаган сунъий булоқ. Бироқ, айнан шу булоқдан уланган қувур тумандаги “Ором шифо” сиҳатгоҳига бориб уланган. Бу ерда ҳар йили юзлаб беморлар ана шу сув таъсирида шифо топаяпти. Тўғри, бундай масканларда даволанишга ҳамманинг ҳам қурби етавермайди. Айниқса, шундоққина дала қўйнида табиий малҳам оқиб турган бир пайтда, ким ҳам пул сарфлашни истайди, дейсиз. Аммо муқаддас замин бағридан сизиб чиқаётган ана шундай меҳр ва шифо сувидан бир баҳра олай деб борган меҳмон унинг атрофини кўриб ёқа ушлайди. “Табиат ва унинг неъматига оқибат шуми? Бу ерни шундай аҳволга солганларга булоқ увол-ку” деб юборгиси келади.  

Тўғри-да, ҳозиргача ҳам мана шундай фойдали масканни озода сақлаш, атрофини ободонлаштириш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти. Бир пайтлар ушбу сувдан тижорат мақсадида фойдаланмоқчи бўлиб, унинг атрофини бетон девор билан тўсишган. Шу тариқа аёллар ва эркаклар хоналари ташкил этилган. Бироқ сув ўз-ўзидан оқишдан тўхтаб қолгач, уни ташлаб кетишган. Шундан сўнг сув яна оқа бошлади ва бир сонияга ҳам тўхтагани йўқ. 

Ачинарлиси, бугунги кунга келиб эгасиз қолган табиий шифобахш душнинг девори тешилиб, бутун жойи қолмаган. Эшик ўрнига эски латталар илиб қўйилган. Энг ёмони шундаки, ундан ҳаммом ўрнида фойдаланувчилар ҳатто кир кийимлари ва кераксиз буюмларини ҳам шу ернинг ўзига ташлаб кетмоқдалар. 

“Нима деган гап бу, ахир эй аҳли одам? Нега бизга меҳрибон замин ва унинг неъматларидан баҳраманд бўламизу, дардимизга даво топамизу, унинг бу яхшилигига муносиб жавоб қайтармаймиз? Ақалли, шу кўзи очиқ булоқнинг атрофида тозаликни сақлай олмаймиз? Шунчалик қалб кўзимиз кўр бўлиб қолганми?” дейдиган одам йўқ.

Мухтасар айтганда, санитария-гигиена қоидаларига умуман талаб бермайдиган бу жойдан Ҳамзаобод маҳалласининг салкам уч минг нафар аҳолиси ҳаммом ўрнида фойдаланиб келаётган бўлса, ҳар куни қиш фаслида 50-60 нафар, ёз кунларида эса 200 нафардан ортиқ дардман кишилар унинг хизматидан баҳраманд бўлмоқдалар.

Минглаб юртдошларимизнинг ҳожатини чиқараётган бу масканни озода сақлаш, қулай шароит  яратиш учун маҳаллий ҳокимиятдан ёрдам сўраш шарт эмас. Озгина эътибор туфайли ҳаммаси изга тушиб кетиши мумкин бўлган ҳолатга маҳалла фаолларини жалб этиш, айниқса, шу атрофда айнан шу сувдан фойдаланаётган тадбиркорлар мададига суянишнинг ўзи кифоя. Ахир бу ерга одамлар сиҳат сўраб, покланиш учун келадилар. Шундай экан, маҳаллий аҳолининг виждони тезроқ уйғониб, савоб ишларга бел боғлашига умидвормиз.

Саминжон ҲУСАНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn