Судьянинг масъулиятсизлиги туфайли Нишон туманида яшовчи Шарофат Сафарова уч йил сарсон-саргардон бўлди 
  • 19 Февраль 2018

Судьянинг масъулиятсизлиги туфайли Нишон туманида яшовчи Шарофат Сафарова уч йил сарсон-саргардон бўлди 

Ҳаётда бировни айбдор қилиш осон, лекин унинг айбсизлигини исботлаш жуда қийин. Айниқса, иш адолат посбони бўлган судьяга бориб тақалганда.  Нишон туманидаги Улуғбек маҳалласида яшовчи Шарофат Сафарова ўзининг айбсиз эканлигини исботлайман дегунча уч йил сарсон бўлди. Сабаби “адолат посбони”нинг адолатсиз ҳукми чиқиб бўлган эди. 

Шарофат Сафарова фуқаролар йиғинида раис бўлиб ишлаганида уни кам таъминланган оилаларга нотўғри нафақа белгилаб, бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айблаб, жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг ҳукми чиқарилди. Шарофат Сафарова тақдирига тан бериб кетиши ҳам мумкин эди. Лекин уни “Агар айбсизлигимни исботлаб бера олмасам нима бўлади? Шунча йил мисқоллаб йиққан обрў-эътиборим, шаъним, қадр-қимматим, фарзандларимнинг тақдири-чи? Номимга “қора доғ” тушса, мен одамларнинг юзига қандай қарайман? Ўзимни эл-юрт олдида қандай оқлайман?” деган саволлар қийнаб юборди. 

Биргина айбсизлигини исботлаб, эл олдида юзи ёруғ бўлиши учун уч йил судма-суд югурди, ҳар куни судьяларнинг эшиги олдида сарғайди.  

Адолат эгилади, букилади, аммо синмайди деганлари рост экан. Буни ўз бошидан ўтказгани учун ҳам шундай деб ҳисоблайди. 

2015 йил 15 октябрда жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг Шарофат Сафарованинг устидан чиқарган ҳукми унинг аризасига биноан 15 декабрда жиноят ишлари бўйича вилоят суди аппеляция инстанциясида кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилди. Шундан кейин берилган назорат тартибидаги шикоят аризаси эса 2016 йил 21 январда жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди раиси томонидан асос йўқ, ажрим тўғри, деган хулоса билан кўриб чиқилмади. Ва ниҳоят, 2016 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилган шикоят юзасидан ҳам худди шундай жавоб олинди. 

Охир-оқибат Шарофат опа Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг қабулига киришга жазм қилди. Шундан кейин жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий судига чақирилиб, протест киритилди. 2016 йил 17 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида бу иш кўрилиб, ҳайъат ажрими билан жиноят ишлари бўйича вилоят судининг 2015 йил 15 декабрдаги аппеляция инстанцияси ажрими бекор килинди. Иш янгитдан кўриб чиқиш учун вилоят судига юборилди. Аппеляция инстанцияси жиноят ишлари бўйича Нишон туман суди ҳукмини бекор қилиб, ишни қайта терговга юборди. Қайта терговда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан Нишон тумат прокуратурасининг 2017 йил 2 августдаги қарори билан бу иш ҳаракатда жиноят таркиби йўқлиги ва реабилитация қилиниши сабабли ҳаракатдан тўхтатилди.

Энди ўйлаб кўринг, агар жиноят иши дастлабки босқичдаёқ синчиклаб ўрганилганда ёки қайта терговга юборилганда, балки шунча оворагарчиликлар бўлмасмиди!? Ёки одил судловнинг энг юқори нуқтасида ҳам инсон тақдирига шунчалик бефарқ қаралаётганининг оқибатими бу? 

— Инсон кўп қийинчиликларга чидаши мумкин, лекин ҳеч қачон ноҳақликка, адолатсизликка чидай олмайди, — дейди ҳимоячи сифатида судда иштирок этган адвокат Шаҳриддин Эшимов. — Шунинг учун инсон ҳамиша адолат истайди. Адолат устувор бўлган жойда эса барака бўлади, тинчлик ҳукм суради, фуқароларнинг фаровонлиги таъминланади. Зотан, “Халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтиришни биз биринчи даражали вазифамиз, деб ҳисоблаймиз”, дея алоҳида таъкидлаган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев. Узоқ йиллар таълим соҳасида ишлаб, минглаб шогирдларни тарбиялаб, тўғри ҳаётга йўллаган, етмиш ёшида ҳам маҳалла фуқаролар йиғинида меҳнат қилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг корига яраб келаётган онахоннинг қонуний манфаатларини таъминлаш қонунларимизда белгиланган инсонпарварлик тамойилларига зид эмас, балки адолатдандир.   

 

Суд — одил судловнинг олий нуқтаси, дедик. Жиноят процессининг айнан мана шу инстанциясида илгариги босқичларда тўпланган далиллар синчковлик билан, ҳар томонлама тафтиш қилиниб, судланувчининг айби объектив далиллар билан исботланган тақдирдагина айблов ҳукми қабул қилинади, аксинча бўлса шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилади. Шу сабабли, одамлар суддан адолат кутади.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

 “Халқ сўзи” мухбири. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn