Ширин сўз шифоси
  • 17 Февраль 2018

Ширин сўз шифоси

Халқ орасида саломатлик туман бойликка қиёсланади. Чунки инсоннинг бахти соғлиғи нечоғли мустаҳкам экани билан чамбарчас боғлиқ. Юртимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнида соғлиқни сақлаш тизимини замон талаблари даражасига етказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани сабаби ҳам шунда.

Биз тиббиёт соҳасида буюк мутафаккирлари бор миллатмиз. Ибн Сино бобомиз қўллаган муолажа усулларининг айримларидан ХХI аср тиббиётида ҳам фойдаланилиб келинаётгани бежиз эмас. “Оққан дарё оқмай қолмас”, деганларидек, бугун ҳам ўз касбининг фидойи вакиллари, эл дардига дармон бўлаётган юксак малакали шифокорларимиз кўп. Бундан бир неча ой муқаддам Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникаси ортопедия бўлимида даволанишимга тўғри келди. Муолажа жараёнида шифокорлар меҳнатини кўриб, бу касбнинг нақадар қийин, аммо чиндан шарафли эканлигига яна бир карра амин бўлдим.

Қайси бир соҳанинг вакили ўз касбини камолот даражасида эгалласа, албатта адабиётга ҳам қизиқиши катта бўлади, деган фикрдаман. Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникаси бош шифокор ўринбосари Баҳриддин Каримбердиев тимсолида бунинг тасдиғини кўрдим. Касалликка ташхисни бехато қўйиши, бор билим ва малакасини халқимиз сиҳат-саломатлиги йўлида сафарбар этиб келаётгани, юксак муомала маданияти — барчаси у киши ўз соҳасининг ҳақиқий маънодаги етук намояндаси эканига исбот. Бунинг устига, ҳавас қиларли даражада китобхонлиги, адабиётимизнинг атоқли намояндалари шеърларини ёддан билиши ҳар қанча ҳурмату иззатга лойиқ.  

Муолажа асносида ортопедия бўлими мудири Муҳаммад Шорустамов ва шифокор Нусратулла Эгамов билан дилкаш суҳбатлар қурдим. Тиббиёт фанлари доктори илмий даражасига, профессор илмий унвонига эга бу икки олим ортопедия соҳасида арзирли тадқиқотлар яратган. Улар билан мулоқотда бўлган одамнинг кўнгли ўсади, ҳаётга муҳаббати, эртанги кунга ишончи ортади. 

Бундай олижаноб инсонларни бирлаштириб турувчи фазилат шундаки, улар соғлиқни сақлаш тизими олдига замон қўяётган долзарб вазифаларни теран идрок этишади. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномасини тинглаб туриб, бугунги кунда чинакам ватанпарвар, халқпарвар кишиларга юкланган масъулият нечоғли катта эканлигини қалбдан ҳис этдик. Давлатимиз раҳбари белгилаган юксак марраларга етиш, олдимизда турган устувор вазифаларни бажариш учун ўзимизда эзгу фазилатларни тарбиялашимиз зарур. 

Абдуғани СУЛАЙМОНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn