Аҳмадбой сўнгги сўзини айтди. У ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбур қилмаган
Аҳмадбой сўнгги сўзини айтди. У ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбур қилмаган Фото: Динара ЧИРКОВА / "Халқ сўзи" /
  • 16 Февраль 2018

Аҳмадбой сўнгги сўзини айтди. У ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбур қилмаган

Бугун Тошкент вилоят жиноят ишлари бўйича суди йиғилиши бўлиб ўтди. Унда халқ орасида Аҳмадбой номи билан танилган Тошкент вилояти Чиноз туманилик тадбиркор Аҳмад Турсунбоев ва унинг шериклари иши кўриб чиқилди. 

Суд жараёни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича суди судяси Дилшод Комилов томонидан олиб борилди.

Судда судланувчи Аҳмад Турсунбаев ва унинг шерикларига охирги сўз берилди.

“Ҳурматли судья, мажлис қатнашчилари. Аввало шуни айтишим керакки, мен фуқароларни алдаганим йўқ. Пул ва автомашиналарни улар ўз хоҳиш-иродасига кўра олиб келишган. Мен ҳеч кимни ҳеч нарсага мажбур қилмаганман.

Мен ўзим деҳқон ва чорвачилик билан шуғулланадиган фермер бўлганман. Лекин юз берган воқеадан афсусдаман. Менинг битта мақсадим бор эди — иш қилиш. Алдаш ҳаёлимга ҳам келмаган. Фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимиздан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан кечирим сўрайман. Мени кечиринглар”, — деди Аҳмад Турсунбоев.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмадбой ва унинг беш нафар шериги Жиноят Кодексининг 168 моддаси (фирибгарлик), 211 (порахўрлик) ва 243 (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича айбланмоқда. 

А. Турсунбаев 2015 йил Тошкент вилояти Чиноз туманида “Чиноз ҳалол чорва” ва “Чиноз авто ҳамкор транс” корхоналарини ташкил қилган. У ва унинг ходимлари миллий ва чет эл валютасида аҳолидан энг камида йилига 100 фоиз устама бериш шарти билан пул олиб келган. Шу билан бирга Аҳмадбой пулни қайтариб беришга ҳеч қандай кафолат бермаган. 

Томонлар, агар унга бирор нарса бўлса, ҳеч ким ҳеч нарса талаб қилмасликка келишиб олган. 

Икки йил мобайнида Аҳмад Турсунбаев ва унинг шериклари катта миқдордаги пул, чорва моллар ва турли русумли автомобилларни ўзлаштириб келган. Уларнинг жиноий фаолияти беш йил давом этган. Маълум қилинишича, бундан минглаб фуқаролар жабр кўрган.

Суднинг якуний қарори 19 февраль куни эълон қилинади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn