Мансабдор шахслар ҳуқуқий ҳужжатлардан яхши хабардорми?
Мансабдор шахслар ҳуқуқий ҳужжатлардан яхши хабардорми? Фото: ria.ru
  • 16 Февраль 2018

Мансабдор шахслар ҳуқуқий ҳужжатлардан яхши хабардорми?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан 2017 йилда қўмитанинг қонунлар ижроси бўйича олиб борган назорат-таҳлил фаолиятига бағишланган эшитув ташкил этилди.

Таъкидланганидек, 2017 йилда 3 та қонун ижроси бўйича назорат-таҳлил ўтказилди. Хусусан, янги таҳрирдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунлар Сирдарё вилоятида қандай ижро этилиши ўрганилди. Бугунги кунда вилоятда жами 263 та фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи мавжуд. 

Мазкур қонунлар ижросида айрим камчиликларга йўл қўйилгани ҳам аниқланди. Масалан, қишлоқ, маҳалла фуқаролар йиғинларида катта ҳаётий тажрибага эга кадрлар ишлаётган бўлишига қарамай, уларнинг мазкур қонун ҳужжатларидан хабардорлик даражаси паст. Бу йиғинлар фаоллари билан ўтказилган суҳбатлар чоғида маълум бўлди.

Бундан ташқари, жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи доимий комиссияларга эътибор ҳамма жойда бир хил эмас. Кўпинча улар номига, расмиятчилик учун ташкил этилган. Ҳисоботни эшитиш ҳам яхши ташкил этилмаган. Бундай ҳолатлар Сайхунобод туманидаги Турон ва Гулбулоқ, Гулистон туманидаги Дўстлик ҳамда Соҳилобод, Боёвут туманидаги Олмазор, Ширин, Озодлик, Ҳосилобод каби маҳаллалар фаолиятида яққол кузатилди.

Шунингдек, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш ва хусусий бизнес барқарор ўсишини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг банклардан кредит олишларини осонлаштириш, солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ҳажмини камайтириш, давлат бошқаруви ва ҳўжалик органларининг улар фаолиятига ҳар қандай аралашувларига кескин чек қўйиш борасидаги ишлар изчил йўлга қўйилмагани аён бўлди.                                                   

Эшитувда қўмита томонидан 2017 йил 29 июнь куни “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг Қашқадарё вилоятидаги ижроси бўйича ўтказилган назорат-таҳлил якунлари кўриб чиқилди. Маълум бўлишича, бугун ҳудудда 3 миллион 

89 минг нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан 1 миллион 87 минг нафари вояга етмаганлар. Назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганлар сони 2015 йилда 213, 2016 йилда 235 ва 2017 йилнинг биринчи чорагида 69 нафарни ташкил этган. Ҳудудий комиссиялар томонидан вояга етмаганларга нисбатан 160 та, ота-оналарга нисбатан эса 1607 та маъмурий иш кўриб чиқилган. 

Қонун ижроси билан боғлиқ айрим муаммо ва камчиликлар ҳам мавжуд. Жумладан, вояга етмаганларни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақлаш, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш масаласи ёпиқ суд мажлисларида кўрилиши Қонунда белгиланган бўлса-да, бир қатор суд ажримлари унга зид тарзда очиқ суд мажлисида муҳокама қилинган. Жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган, ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турган вояга етмаганларни ҳисобдан чиқариш ишлари ҳам қониқарсиз аҳволда.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида эса ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, илмий ва ахлоқий савиясини янада ошириш, турли ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, улар ўртасида жиноятчиликка қарши кураш ишлари яхши ташкил этилмаган.  

Тадбирда муҳокама қилинган масалалар юзасидан амалий таклифлар билдирилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn