Фаол ижодга ундаётган рағбат 
  • 16 Февраль 2018

Фаол ижодга ундаётган рағбат 

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида журналистика соҳасида ХIII “Олтин қалам” миллий мукофоти учун халқаро танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита йиғилиши бўлиб ўтди. 

Ташкилий қўмита раиси С. Ҳакимов ва бошқалар мамлакатимизда демократик жараёнларни чуқурлаштириш, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада кучайтиришнинг муҳим воситаси сифатида миллий журналистикани изчил ислоҳ этиш, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини тўла таъминлашга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан қатор давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган ушбу танлов миллий ҳамда халқаро журналистика ютуқларини кенг оммалаштириш, ОАВ ходимларига фуқаролик позицияларини намоён этишлари учун шароит яратиш, соҳа ходимларида танқидий фикрлашни ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир. 

Ижодий кўрик телевидение, радио, босма ОАВ ва интернет-журналистика йўналишлари бўйича ўтказилади. Унда иштирокчилар орасидан бош миллий мукофот соҳиби, ҳар бир йўналиш бўйича учтадан ғолиб аниқланади. Бундан ташқари, ижодий ишлар “Энг яхши фоторепортаж”, “Энг яхши матбуот хизмати”, “ОАВда китобхонлик маданияти тарғиб қилинган энг яхши материал учун” ва “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациялари бўйича ҳам тақдирланади.

Йиғилишда танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита, унинг ишчи гуруҳи таркиби ҳамда иш режаси муҳокама қилиниб, тасдиқланди. 

Анъанага кўра, БМТ, ЮНЕСКО, ЕХҲТ, ЮСАИД, “Минтақавий мулоқот” (Словения) ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари ҳамда миллий ҳамкорлар танловда ўз мукофотлари билан иштирок этади. 

Тадбирни ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Президентимизнинг 2017 йил 9 августдаги мамлакатимиз ижодкор зиёлиларининг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда зарур шароит ва имконият яратиш мақсадида қабул қилган қарори асосида ташкил этилган Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. 

Таъкидлаш жоизки, “Олтин қалам” миллий мукофоти халқаро танлови нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Агар 2006 йили унда илк бор 136 нафар журналист 1669 та ижодий иши билан қатнашган бўлса, 2017 йили 520 нафар ижодкор 9500 га яқин материаллари билан иштирок этди. Умуман олганда, шу вақтга қадар 260 га яқин ҳамкасбларимиз ғолибликка сазовор бўлди. 

Халқаро танлов ғолиблари 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни “Туркистон” саройида ташкил этиладиган тантанали маросимда тақдирланади.

Дилшод КАРИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn