Йўл бўйида настарин гуллайди
  • 16 Февраль 2018

Йўл бўйида настарин гуллайди

 

Халқаро аҳамиятдаги “М-34” автойўлининг Гулистон — Янгиер шаҳарлари ўртасидаги қисми атрофига 10 минг тупдан зиёд манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Натижада йўлнинг ушбу масофаси четларидаги яйдоқ жойлар, ҳадемай, яшилликка бурканади. Айтиш лозимки, бу яқинда фаолият бошлаган “Сирдарёйўлкўкалам” унитар корхонасининг дастлабки ташаббусидир.

  • — Президентимиз ўтган йили Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида  “М-34” автойўлининг Гулистондан Даштободгача бўлган қисми атрофини кўкаламзорлаштириш бўйича топшириқ берганди, — дейди “Сирдарёйўлкўкалам” унитар корхонаси бош агрономи Равшан Беркинов. — Айни чоғда ушбу вазифани аниқ чора-тадбирлар асосида амалга ошираяпмиз. Хусусан, дарахт парваришланадиган майдонларни текислаш, суғориш тизимини яратиш, тупроқни ниҳол учун зарур бўлган ўғитлар билан тўйинтириш ишларига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Масалан, Гулистон ва Даштобод оралиғидаги  ариқ ҳамда каналлардан йироқ  жойларда 11 тик қудуқ қазилди. Бу эса ўтқазилган кўчатларни ўз вақтида суғориш имкониятини яратади.

Эътиборлиси, йўл четларига ниҳол қадашда ҳам янгича ёндашув кузатилмоқда. Дейлик, биринчи қаторда настаринлар ўзининг ажиб гуллари билан ҳайдовчи ва йўловчиларга завқ бағишласа, иккинчи қатордаги арчалар доимий яшилликни таъминлаб туради. Кейинги сафлардан эса яна бир неча турдаги манзарали дарахтлар ўрин эгалламоқда. Яна бир жиҳат шуки, йўл бўйларига ўтқазилаётган ниҳоллар ҳудуднинг ўз ўрмон хўжалигида парваришланган бўлиб, улар маҳаллий ер шароити, хусусан, шўрхок тупроқда ҳам тутиб кетади ва баравж ривожланади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn