«Ўғлим, албатта, ишончни оқлайди!»
  • 16 Февраль 2018

«Ўғлим, албатта, ишончни оқлайди!»

Шу кунларда Бухоро вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пункти гавжум. Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ,  йигитлар армия сафларига жўнаб кетишаётир.

Уларни кузатиб қўяётганлар орасида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатори ота-оналар ҳам бор.

— Бугун ўғлим Баҳодиржоннинг ҳаётида унутилмас кун, — дейди Қоровулбозор туманидаги Қўриқтепа қишлоғида яшовчи Юлдуз Қандимова. — Армияда йигитлик бурчини ўташ ниятида эди. Шукр, орзусига етишди. Фарзандим муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаб, халқимиз ишончига муносиб бўлади.

Юлдуз опанинг айтишича, Баҳодиржон оилада яхши тарбия кўрди. Бўш пайтларида спорт билан шуғулланди. Бухоро тиббиёт коллежида ўқиди. Ўз билимини оширди. Буларнинг барчаси унинг тест синовлари ҳамда жисмоний тайёргарлик бўйича олинган имтиҳондан муваффақиятли ўтишида асқатди. 

— Мамлакат Қуролли Кучлари сафида хизмат қиладиган ёшларнинг соғлиғи, интеллектуал салоҳияти жуда муҳим аҳамиятга эга, — дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ходими Дониёр Бақоев. — Шу боисдан ҳам жорий йилги чақирувда бу масалага ҳар қачонгидан кўра масъулият билан ёндашилди. Бугун армияга жўнаб кетаётганлар ҳам жисмонан бақувват, маънан кучли йигитлардир.

...Сафланишга буйруқ берилди. Ҳарбий оркестр мусиқаси остида йигитларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатишга бағишланган тантанали тадбир бошланди. Сўз олганлар Ватанимиз тинчлиги, ҳаётимиз осойишталигини таъминлаш йўлида фидойилик кўрсатиш ҳар бир йигит учун шон-шараф иши эканини таъкидлаб, ўғлонларга оқ йўл тиладилар.

Маросимда бўлажак аскарларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалар топширилди. Ватан, тинчлик ва ёшликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади. 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn