Ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган “ҳожатбарор” курсдош қонун олдида жавоб беради
  • 15 Февраль 2018

Ўқишга киритиб қўймоқчи бўлган “ҳожатбарор” курсдош қонун олдида жавоб беради

Д.С. собиқ курсдоши Б.М.ни кўчада учратиб хурсандчиликдан боши осмонга етди. Орадан шунча йил ўтди, ахир. Талабалик йиллари ёдига тушди. Курсдошилари ҳақида суриштирди. Б. М. ишлари “беш” эканлигини билдирар экан, суҳбат давомида хоҳловчилар бўлса, Жиззах давлат педагогика институтига ўқишга киритиб қўйиши мумкинлигини қистириб ўтди.

Бу гап Д.С.ни бефарқ қолдирмади. Чунки синглисининг олий маълумот олиш нияти бор эди. Д.С. темирни иссиғида босиб, институтга кириш учун зарур бўладиган хизмат ҳақи билан қизиқди. Айтилган миқдор баландроқ эди-ю, диплом қўлга тегса, харажатлар қопланишини ўйлаб, курсдошига телефон қилишни дилига тугиб қўйди. Уйига келибоқ, яқинлари, синглиси билан маслаҳатлашди.

Шу тариқа  Д. С. Жиззах шаҳрининг “Заргарлик” маҳалласида “хамир учидан патир” дея 700 АҚШ долларини курсдошига берди. Пулни узатар экан, хаёлидан “Институтда Б.М. анча олғир йигитлар сирасига кирарди, ўқишга киритишнинг эпини топар, алдамасдир...” деган ўйлар ҳам кечди. Тест жавоблари эълон қилингач, Д. С. нохуш ўйлари ўнг келганлигини ҳис қилди. Дастлаб, Б. М. турли баҳоналар тўқиди. Бу йил тест бошқачароқ ўтгани, вазият кутилмаганда ўзгарганини баён қилди. Энди Д. С. ташвиши пулни қайтиб олиш бўлиб қолди. Пулни қайтариш борасидаги илтимослар дўқ-пўписага айланди ҳамки курсдошдан садо чиқмади...  

— Алданганлигига амин бўлган Д. С. ички ишлар идорасига мурожаат қилди, — дейди Жиззах вилояти ИИБ матбуот гуруҳи раҳбари Абулқосим Аҳмедов. — Шундай қилиб  Шароф Рашидов тумани, Нурлиқуёш маҳалласи “Марварид” кўчасида яшовчи Д.С.нинг аризасига асосан Мирзачўл тумани, “Дўстлик” маҳалласи, Улуғбек кўчасида яшовчи, шу ҳудуддаги мактаб ўқитувчиси Б.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси, 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 

Энди “ҳожатбарор” курсдош тегишли жазо олиши муқаррар.

Толибжон ЭРГАШЕВ.

 “Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn