ЮНИСЕФ делегацияси Тергов департаментига ташриф буюрди
  • 15 Февраль 2018

ЮНИСЕФ делегацияси Тергов департаментига ташриф буюрди

ЮНИСЕФнинг Минтақавий маслаҳатчиси Аарон Гринберг бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига ташриф буюрди.

Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бошқарма бошлиғи, подполковник Б. Бердиалиев қабул қилди. У республика ИИВнинг ЮНИСЕФ, яъни БМТнинг болалар жамғармаси билан ҳамкорлиги тобора ривожланиб бораётганини, бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишларда ўз аксини топаётганини қайд этди.

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда 1994 йилдан буён фаолият юритади. Ўзининг расмий ваколатига мувофиқ ушбу ташкилот Ўзбекистон болаларининг эҳтиёжларини таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш йўлида саъй-ҳаракат кўрсатади.

Ҳамкорлик дастурларини изчил амалга ошириш орқали ЮНИСЕФ мамлакатимиз болалари ва уларнинг оилалари ҳуқуқларини ҳамда фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фаолият олиб боради. Бу борада жамоат ташкилотлари, жамият, ёшлар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида стенография, видеокузатув, шунингдек, аудио ва видео қайд этиш тизими билан жиҳозланган  сўроқ ўтказиш учун  махсус мажмуанинг ташкил этилгани болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида жиддий қадам бўлди.

Маълумки, ушбу мажмуа учта махсус хонадан таркиб топган. Улардан бири болалар хонаси каби жиҳозланган. Бу хонада жиноятдан жабрланган унинг ёки гувоҳига айланган бола сўроқ қилинади. Ушбу лойиҳа ЮНИСЕФнинг юртимиздаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида амалга оширилди. Зўравонликдан жабрланган ёки жиноят гувоҳи бўлган бола ҳуқуқларини дастлабки тергов жараёнида ҳимоя қилиш лойиҳа ҳамкорларининг асосий мақсади эди. Болалар хонаси кўринишида ўйинчоқлар, китоблар, ёрқин суратлар билан жиҳозланган махсус сўроқ ўтказиш хонасининг интерьери вояга етмаганларнинг тергов жараёнида ваҳима, қўрқув, саросимага тушмаслиги, ўзини хотиржам ҳис қилишига ёрдам беради. Бола илгари бошидан кечирган даҳшатни, қўрқувни яна бир бор ҳис этмайди, бу эса жуда муҳим.

ЮНИСЕФнинг минтақавий маслаҳатчиси Аарон Гринберг суҳбат чоғида таъкид¬лаб ўтганидек, мазкур янгилик халқаро стандартларга тўла мос келади, бола руҳияти ва саломатлигини ҳимоялашни ишончли кафолатлайди.

Ишчан муҳитда ўтган мулоқот давомида болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. ЮНИСЕФ билан ҳамкорлик доирасида терговчиларни вояга етмаганлар билан ишлашга ўргатиш ва махсус тайёрлаш, шунингдек, келгусида мамлакатимиз ҳудудларида шу каби хоналарни ташкил этиш таклиф этилди.

Учрашув сўнгида ЮНИСЕФ делегацияси аъзолари стенография, видеокузатув, шунингдек аудио ва видео қайд этиш тизими билан жиҳозланган  сўроқ ўтказиш учун  махсус комплексни кўздан кечириб, бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди, деб ёзади вазирлик расмий веб-сайти.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn