Ўзбекистон — Корея дўстлиги: тарих саҳифалари, истиқбол уфқлари
Ўзбекистон — Корея дўстлиги: тарих саҳифалари, истиқбол уфқлари Фото: Динара ЧИРКОВА / "Халқ сўзи" /
  • 15 Февраль 2018

Ўзбекистон — Корея дўстлиги: тарих саҳифалари, истиқбол уфқлари

Корея Республикаси кўмагида Тошкентда Корея маданият ва санъат уйи барпо этилмоқда. Мазкур уй икки мамлакат ўртасидаги дўстликнинг ёрқин рамзи, ёшлар ва зиёлилар учун учрашув жойи, ўзаро маданиятларимизни бойитиш маркази бўлади.

Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида маълум қилинди. “Ўзбекистон — Корея дўстлиги: тарих саҳифалари, истиқбол уфқлари” мавзуида ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакатнинг фан, таълим ва маданият соҳаси мутахассислари, дипломатик корпус вакиллари, экспертлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар, миллий ва хорижий ОАВ вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатлари ўзаро ишонч ва ҳурмат, дўстлик ва стратегик шерикликка асосланган ҳолда изчил ривожланиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очди. Унинг доирасида савдо-иқтисодий, сармоявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳалар бўйича 60 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди.

— Ўзбек ва корейс халқлари кўплаб ўхшаш жиҳатларга эга, — дейди Корея Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси маслаҳатчиси Ким Же У. — Тинчликсеварлик, ватанпарварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат каби фазилатлар икки халққа ҳам бирдек хосдир. Бу жиҳатлар мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликка муҳим асос бўлмоқда.

Йирик инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш, иқтисодиёт, энергетика, молия, сармоя, юқори технологиялар каби соҳалардаги ҳамкорлик янада фаоллашиб, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, гуманитар алоқаларни кенгайтириш, вазирликлар ва идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир ишлар янги босқичда давом этаяпти. 

— Таълим соҳасидаги муносабатлар ҳам ўсиб бораяпти, — дейди “Ўзбекистон — Корея” дўстлик жамияти раиси, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бобоходжаев. — Мамлакатимизнинг олий таълим муассасалари Жанубий Кореянинг 30 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилмоқда. Бир қатор олий ўқув юртларида корейс тили ва маданияти марказлари очилган. Университетимиз 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, бу ерда халқаро стандартлар даражасидаги юқори малакали IT-мутахассислар тайёрланмоқда. Бугунги кунда 1000 нафардан ортиқ талабалар университетда ахборот технологиялари, муҳандислик ва логистика соҳаларида ўқитилмоқда. Корея Республикасининг яна бир қанча олий таълим муассасалари мамлакатимизда ўзларининг ўқув юртларини очиш истагини билдираяпти.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Дилшод КАРИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn