Ўзбекистон — Россия ёшларининг иккинчи форуми бошланди 
Ўзбекистон — Россия ёшларининг иккинчи форуми бошланди  Ҳасан ПАЙДОЕВ /"Халқ сўзи" олган сурати.
  • 13 Февраль 2018

Ўзбекистон — Россия ёшларининг иккинчи форуми бошланди 

Мамлакатимизда Ўзбекистон — Россия ёшларининг иккинчи форуми бошланди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Россия ёшлар иттифоқи ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандумига мувофиқ ташкил этилган ушбу анжуман 12 — 18 февраль кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгашида уюштирилган форумнинг очилиш маросимида икки мамлакат делегациялари аъзолари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари, иқтидорли ёшлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қ. Қуронбоев, Россия ёшлар иттифоқи раиси Павел Красноруцкий ва бошқалар навқирон авлодни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш ҳар қайси мамлакатнинг эртанги кунини белгилаб берадиган, жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборига таъсир этадиган долзарб масала эканини таъкидлади.

Юртимизда Президентимиз раҳнамолигида келажагимиз ворисларини билимли, маънавияти юксак, жисмонан бақувват, ақлан етук қилиб тарбиялаш билан бирга, қалбларида миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик туйғуларини қарор топтиришга, уларни дўстлик, ҳамжиҳатлик, иноқлик руҳида улғайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.

Ўзбекистон — Россия ёшлари форуми икки давлат ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, дўстона муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

— Ушбу тадбир россиялик тенгдошларимиз билан танишиш, уларнинг қизиқиш ва дунёқарашини ўрганиш, ўзаро билим ва тажриба алмашиш имконини беради, — дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети магистранти Дилрабо Чоршамбиева. — Ёшлик ва дўстлик байрами ёрқин таассуротлари билан хотирамизда бир умрга муҳрланиб қолишига ишонаман.

Форум доирасида икки давлат ёшлари ўртасида ўзаро мулоқот, тажриба алмашиш муҳитини яратиш, тадбиркорлик, туризм соҳаларини ривожлантириш истиқболлари, ёшлар ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бўйича қатор дастурларни муҳокама этиш мўлжалланмоқда. Иштирокчилар Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг технопарки ва Ёшлар ижод саройига ташриф буюради. Ёш ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар сиёсатида фан ва таълимнинг ўрнини кучайтириш каби мавзуларда давра суҳбатлари ташкил этилади. 

Дилшод КАРИМОВ /«Халқ сўзи»/

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn