Аҳоли манфаатларига йўғрилган бунёдкорлик
  • 13 Февраль 2018

Аҳоли манфаатларига йўғрилган бунёдкорлик

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни пойтахтимизнинг бир нечта туманларида бўлиб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Халқ билан мулоқот чоғида ислоҳотлар самаралари, келгуси режалар хусусида сўз борди. 

Давлатимиз раҳбари томонидан Тошкентнинг қиёфасини замонавийлаштириш, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига қўшимча қулайликлар яратиш, одамларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар берилдики, буни кенг жамоатчилик вакиллари, халқимиз жуда катта хурсандчилик билан кутиб олди.

Зафар МАҲАМАТОВ, 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси бошқарувчиси:

— Айни пайтда ҳамюртларимизнинг узоғини яқин, оғирини эса енгил қилувчи, шаҳардаги энг асосий тармоқ — метро қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртбошимиз Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишидаги қурилиш ишларининг 2-босқичини кўздан кечириб, уни мустаҳкам бунёд этиш, айниқса, фуқароларга қулайликлар яратиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берди. 

2019 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган ушбу янги йўлнинг узунлиги — 2,9 километрга тенг бўлиб, у замонавий ва миллий анъаналар асосида юксак дид билан бунёд этилмоқда. 

Бугунги кунда қурилиш ишларига 200 дан ортиқ ишчи ва муҳандислар, 40 та замонавий техника воситаси ва механизм жалб этилгани, қолаверса, Германиядан ер ости туннелини қазийдиган комплекс, бурғилаш ва темир-бетон қозиқ қоқиш техникаси, ГФР ва Хитой кранлари олиб келингани ишимиз самарадорлигини оширишда асқатади.

Президентимиз Сергели туманидаги янги ер усти метроси қурилиши билан танишар экан, ушбу объектнинг пастки қисмида махсус велосипед йўлакларини ташкил қилиш, унинг атрофини кўкаламзорлаштириш бўйича кўрсатма берди. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилувчи ушбу эзгу ташаббус барчани қувонтирди.

Элёр РИЗАЕВ,

“Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси директори ўринбосари:

— Юртбошимизнинг Сергели туманига қилган ташрифи барчамизни қувонтирди. Мазкур ҳудудга келганларида кўп қаватли янги уй-жойлар қурилиши билан албатта, танишадилар. Негаки, бу ҳудуд давлатимиз раҳбари ташаббуси билан катта қурилиш майдонига айланган.

Авваллари, ушбу массив кўримсиз, қамишзордан иборат ташландиқ жой эди, десангиз, кўпчилик ишонмайди. Сабаби, ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари-ю, аҳолига яратилаётган қулайликларни кўриб кўз қувнайди, кайфиятингиз кўтарилади.

Лойиҳага кўра, бу ерда 5 минг 40 хонадонли 7 қаватли уйлар қурилиши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда 8 та уйнинг учинчи, 33 та уйнинг биринчи қаватида ғишт териш ишлари олиб борилмоқда. 120 та уй учун хандақ қазилиб, 20 тасида плита ётқизиш, 59 тасида пойдевор қўйиш, блок териш ва металл ишлари бажарилаётир. Қурилишга малакали мутахассислар ҳамда махсус техника воситалари жалб этилгани ишимиз сифатини таъминлаётир.

Жорий йилнинг сентябрь ойида ўз эгаларига топширилиши режалаштирилган мазкур уй-жойлар атрофида умумтаълим мактаблари, дам олиш жойлари, болалар майдончалари, автомобиль тураржойлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилиши кўзда тутилган.

Массив аҳолиси яратиб берилаётган қулайликлардан миннатдор. Бу эса Юртбошимиз раҳнамолигида олиб борилаётган ислоҳотлардан халқ рози эканлигидан далолатдир.

«Халқ сўзи» мухбири

Раҳим ШЕРҚУЛОВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn