Метрода суратга олиш, учувчисиз учиш аппаратлари, электрон ҳужжатлар...
  • 13 Февраль 2018

Метрода суратга олиш, учувчисиз учиш аппаратлари, электрон ҳужжатлар...

Чет давлатлар оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирларга бағишланган туркум материаллар эълон қилинмоқда.

Германиянинг нуфузли “Deutsche Welle” халқаро жамоатчилик телерадиокомпанияси сайтида Ўзбекистонда туризм соҳасига устувор аҳамият қаратилаётгани ҳақида хабар берилган. 

Анчадан бери мамлакат пойтахти метросида ҳамда ҳукумат бинолари ёнида сайёҳларнинг камерага суратга олиши тақиқланган эди, деб ёзилади нашрда. Давлат оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган Президент қарорига мувофиқ, агар қандайдир тақиқловчи ҳужжат бўлмаса, туристлар жамоат жойларида бирор-бир чекловларсиз суратга олишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, сайёҳларга  фото ва видеоматериалларни тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишга рухсат беришади. Илгари Тошкентда бунга рухсат йўқ эди. 

Шунингдек, янги қарорга асосан, транзит бўйича ҳаракатланаётган хорижий йўловчиларга келишлари билан 72 соат муддатга қисқа муддатли кириш визаларини бериш имконияти яратилмоқда, деб хабар берилади “Немис тўлқини” нашрида.

Сайёҳлар учун соддалаштирилаётган тартиб-таомилларни Япониянинг “NHK” телерадиокомпанияси ҳам атрофлича ёритди. Марказий Осиёдаги ушбу мамлакат раҳбарияти 39 та давлат фуқаролари учун виза олиш тартибини соддалаштирди. Етти мамлакат — Япония, Исроил, Индонезия, Малайзия, Сингапур, Жанубий Корея ва Туркия фуқароларига 30 кун мобайнида Ўзбекистонда визасиз меҳмон бўлишга рухсат берилди.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ўз лавозимини бажаришга киришиши биланоқ республиканинг халқаро ҳамжамият учун очиқ бўлиши йўлида қатъий сиёсат олиб бормоқда. Янги қабул қилинган ҳужжатларда туризм ёрдамида иқтисодиётни янада жонлантириш мақсад қилинган.

32 миллион нафардан ортиқ аҳолига эга Ўзбекистон — минтақадаги энг йирик мамлакатлардан бири. Самарқанд, Бухоро сингари тарихий шаҳарлар ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси объектлари саналади. Ўтган йили Ўзбекистонга 9,5 минг нафарга яқин япониялик туристлар ташриф буюрди, деб ёзилади компания порталида.

Ўзбекистоннинг виза сиёсатидаги ўзгаришлар ҳақида Австралиянинг нуфузли “Lonely Planet” сайёҳлик нашрида ҳам хабар тарқалди. Республика раҳбарияти кенгайтирилган рўйхатдаги давлатлар учун виза режимини бекор қилди, айни пайтда кўплаб мамлакатлар учун виза олиш имкониятларини соддалаштирди. 

Ўзбекистон Буюк Ипак йўлидаги ёдгорликлари, жумладан, Самарқанддаги Регистон майдони, Бухоро сингари кўҳна шаҳарлари билан машҳур. Ушбу мамлакатда тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилгани, айниқса, тарихий шаҳарлардаги ёдгорликларни томоша қилиш учун йўлга сарфланадиган вақтни кескин қисқартириш имконини берди. Ўзбекистонда етти мамлакат билан визасиз режим ўрнатилиши, қарийб 40 давлат фуқаролари учун виза олиш тартиби соддалаштирилиши билан бир қаторда, ёзда электрон кириш визаларини бериш тизими ишга туширилади. Сайёҳлар интернет орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради, визани эса мамлакатга келгач, аэропортда олишади, деб ёзилади сайтда.

Руслан АЛИШЕРОВ

тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn