«Юртга муносиб фарзанд бўламиз» дейишмоқда муддатли ҳарбий хизматга отланган йигитлар
  • 10 Февраль 2018

«Юртга муносиб фарзанд бўламиз» дейишмоқда муддатли ҳарбий хизматга отланган йигитлар

Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Хоразм вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ёшларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросими ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, бўлажак аскарларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда миллий армиямизни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз борди. Қуролли Кучларимиз сафларини юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир баркамол ўғлонлар билан таъминлаш бўйича қилинаётган ишлар эътироф этилди.

— Болалигимдан ҳарбий либос кийиб, Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилар эдим, — дейди Урганч туманилик Азизбек Султонов. — Шу боис мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув курсида таҳсил олдим. Бугун  эзгу ниятимга эришганимдан жуда бахтиёрман. Ишончни оқлаймиз, юртга муносиб фарзанд бўламиз.

Йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш учун келган  ота-оналар, оила аъзоларининг юз-кўзларида қувонч ва ҳаяжон балқиб турибди.

— Ватан олдидаги бурчини ўташ учун отланган мард ўғлонлар орасида ўғлим Умиджон ҳам бор, — дейди Урганч шаҳрилик Зулайҳо Бобониёзова. — Фарзандимнинг эл корига ярайдиган инсон бўлаётганидан кўнглим осмон қадар юксалди. Майдонда ҳарбий либосда саф тортган аскарлардаги шижоат, ўзига ишонч ва қатъиятни кўриб, қалбимда ифтихор туйғулари жўш урди. Барча йигитга муддатли ҳарбий хизматни аъло даражада, шараф билан ўташларини тилайман.

Тантанали маросимда аскарлар билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурилиб, уларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.

Аскарлик либосини кийиш шарафига муяссар бўлган сирдарёлик йигитларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатиш маросими ҳам байрамона тарзда кечди.

Тадбирда Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актёрлари ижросида ватанпарварлик мавзуига оид саҳна кўриниши намойиш қилинди. Шунингдек, юрт, тинчлик ва фаровонликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Бўлажак аскарларга эсдалик совғалар тақдим қилиниб, уларнинг Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани бажаришларида муваффақиятлар тиланди.

— Ушбу кунни интиқлик билан кутгандим, — дейди Боёвут туманилик Алижон Эркинов. — Мана, ниятимга етдим. Эгнимга ҳарбий либосни кияр эканман, бутун вужудимни ғурур туйғуси эгаллади. Ватаним учун  керакли  инсон эканлигимдан бахтиёрман. Бугунги кунда аскар бўлиш ҳар бир йигитнинг энг катта орзуси. Бу мақсадга етишиш учун пухта тайёргарлик кўриб бориш лозимлигини ўз ҳаётим мисолида англадим. Масалан, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотидаги машғулотларда ҳар жиҳатдан чиниқдим, қолаверса, у ерда чавандозликни ҳам ўрганиб олдим. Шу билан бирга, дунёқарашимни кенгайтиришга ҳаракат қилдим. Ўйлайманки, бу изланишларим муддатли ҳарбий хизматда, албатта, асқатади. Қолаверса, армияда  бўш вақтларда  ўқиб-ўрганишни одатга айлантиришни мақсад қилиб қўйганман.

Одилбек ОДАМБОЕВ,

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn