Фуқароларни ташвишлантираётган муаммолар пойтахт вилоятида бўлиб ўтган оммавий қабулларда ҳал этилди
  • 10 Февраль 2018

Фуқароларни ташвишлантираётган муаммолар пойтахт вилоятида бўлиб ўтган оммавий қабулларда ҳал этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан Олий суд, Бош прокуратура, қатор вазирлик ҳамда идоралар, банклар — жами 25 дан ортиқ марказий ташкилотлар раҳбарлари ва масъуллари иштирокида ташкил этилган оммавий қабулларда пойтахт вилоятининг барча шаҳар ҳамда туманлари қамраб олинди.

Уларда кўтарилган муаммоларнинг асосий қисми жойида ўз ечимини топди. Айрим масалалар эса тегишлилигига қараб “йўл харита”ларига киритилди. Кўплаб фуқароларга малакали ҳуқуқий маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилди.

Сайёр қабулларнинг ўзига хос томони шундан иборат бўлдики, қабулга келган мутасаддилар мавжуд муаммоларни жойига чиқиб ўргандилар, аҳоли билан суҳбатлар ўтказдилар.

Асосий эътибор ички йўлларнинг ҳолатига, аҳолининг газ, электр энергияси, иссиқлик таъминотига, эҳтиёжмандларга уй-жой берилишига, ишсизлик билан боғлиқ муаммоларга қаратилди. 

— Вилоятимиз шаҳар ва туманларида ўтказилган оммавий қабулларда кўтарилган масалаларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, айрим раҳбарларнинг фуқаролар мурожаатларига эътиборсизлиги, ўз хизмат вазифаларига совуққонлиги эътирозларга сабаб бўлмоқда. Масала ечим топмагач, фуқаролар юқори ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур. Ваҳолонки, кўтарилаётган муаммоларнинг деярли барчасига жойида ечим топса бўлади. Шундай экан, ортиқча оворагарчилик, сансалорликнинг олдини олиш учун қуйи идоралар раҳбарлари масъулиятни янада чуқурроқ ҳис этишлари лозим, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Акмал Исабоев. 

Дарҳақиқат, шундай. Мисол учун, ўтган бир йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига Оҳангарон туманидан 5 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг 26 фоизи туман, 39 фоизи Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги ваколати доирасидадир. Мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда, уй-жой, ер ажратиш, коммунал соҳа, ишсизлик, моддий ёрдам, меҳнат ва бандлик, газ ҳамда электр таъминотига оидлиги маълум бўлди. Кўтарилган муаммоларнинг барчаси кўриб чиқилиб, тегишли хулосаларга келинди. 

Оҳангарон шаҳрида ўтган оммавий қабулларда кўтарилган масалаларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Иккинчи гуруҳ ногирони Ольга Калашникованинг моддий ёрдам сўраб қилган мурожаатига шаҳардаги “Ватан” маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари ечим топди. Иш сўраб келган Наргиза Абдураҳимова “Зулайҳо зиё” масъулияти чекланган жамиятига жойлаштирилди. Бахт номли маҳаллада яшовчи Суҳроб Йўлдошев ҳам шу куни ишли бўлди. Якка тартибдаги тадбиркор Неъмат Мусаматовга шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан нотўғри ҳисобланган 2 миллион 563 минг 234 сўм маблағ шу куниёқ қайтарилди. 

Қибрай туманида ўтган сайёр қабулда Бўстонлиқ туманидан келган тадбиркор Дилфуза Умаралиева болаларга кичик ўйингоҳ ва бассейн қуриш учун ер оладиган бўлди. Чинобод қишлоғида яшовчи Иброҳим Раҳмонқуловга ҳам спорт майдони қуриш мақсадида 0,8 гектар ер ажратиб берилди. 

Албатта, барча муаммо ҳам ана шундай тезгина ҳал бўлаётгани йўқ. Қибрайлик Шаҳноза Носирхўжаева уй сотган. Орадан 1,5 йил ўтиб мазкур уй бузиладиган бўлди. Уйнинг ҳозирги эгаси пулини қайтариш ҳақида даъво қилмоқда. Масала ечимини мутасаддилар ўз зиммаларига олишди. 

Зангиота туманида ташкил этилган қабулларда ҳам ана шундай масалалар ўртага ташланди. Эркин қишлоғида яшовчи З. Убайдуллаева турмуш ўртоғи Хитой Халқ Республикаси фуқароси бўлганлиги учун уни ўз уйига доимий рўйхатга қўя олмаётганлиги ҳақида арз қилган бўлса, Б. Исматов светофор ўрнатиш ва ички йўлларни тартибга келтириш бўйича мурожаат этди. Тадбиркор Ф. Аъзамовнинг туман ҳокимлигига ер сўраб ёзган мурожаатини кўриб чиқиш орқага сурилмоқда. 

Шу куни Зангиота туманидан қабулга келган 59 нафар, Тошкент туманидан келган 20 нафар фуқаронинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Улар орасида чувалачилик Аброр Нўъмонов ҳам бор. У яшайдиган маҳалла аҳолисини неча йиллардан бери тоза ичимлик суви йўқлиги қийнаб келмоқда. Қишлоқдошлари номидан масалани кўтарган мурожаатчи қабулдан яхши кайфият билан чиқди ва янгиликни маҳалладошларига етказиш учун ошиқди. Гап шундаки, шу йилнинг август ойида маҳаллада янги сув иншооти қурилади. Бу билан Чувалачи, Ширин, Култепа маҳаллаларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилади.

— Мен бугун қабулга миннатдорлик билдириш учун келдим, — дейди келеслик Арофат Ҳусанова. — Тошкент тумани ҳокимлиги мурожаатимни эътиборсиз қолдирмади. Ёлғиз бўлганим учун ҳокимлик тасарруфидаги бинода ўзим яшаб турган квартирани таъмирлаб, жиҳозлаб, номимга ҳужжатлаштириб беришди. Бунинг учун халқимиз дарду ташвиши билан яшаётган, тинимсиз ғамхўрлик кўрсатаётган Юртбошимиздан чексиз миннатдорман. 

Вилоят шаҳар ва туманларида бўлиб ўтган оммавий қабуллар жараёнида ўртага ташланган муаммолар ташкил этилган секторлар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ўрганилди. Аҳоли билан ўтказилган суҳбатлар  жараёнида уларнинг секторларда олиб бораётган ишларга муносабати ҳам мутасаддилар эътиборида бўлди. Бу, ўз навбатида, секторлар фаолиятини баҳолашнинг ўзига хос мезони сифатида хизмат қилади.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn