Дилшоднинг дили нега шод бўлмади ёхуд гулдай кутубхонани бузишга ҳаракат қилаётганлар хусусида
Дилшоднинг дили нега шод бўлмади ёхуд гулдай кутубхонани бузишга ҳаракат қилаётганлар хусусида Суратлар Дилшод Болтабоевнинг "Фейсбук"даги саҳифасидан олинди
  • 09 Февраль 2018

Дилшоднинг дили нега шод бўлмади ёхуд гулдай кутубхонани бузишга ҳаракат қилаётганлар хусусида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрда имзоланган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қароридан:

Айни вақтда ўтказилган кузатиш ва таҳлиллар бу соҳада ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб муаммолар борлиги ва уларни кенг кўламда ҳал этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига вақтида ва мақбул нархларда етказиш, миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, фарзандларимизда болаликдан бошлаб китоб, жумладан, электрон китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш, жамиятимизда мутолаа маданиятини юксалтириш билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда" . 

Ҳар бир оиланинг ўзига хос муаммоси, ташвиши бор. Тирикчилик азоби, рўзғор деб аталмиш аждарҳо унча-мунча кишини шошириб қўяди, ўйга толдиради. Аммо ризқ Яратгандан: кимдир бунга қаноат қилади, кимдир эса йўқ. Мана шундай вазиятда оила бошлиғи рўзғорга ҳеч нафи тегмайдиган ишга қўл урса нима бўлади? Ҳа, жавоби аён: бундай пайтда эркак ношудга чиқарилиб, ахмоққа менгзалади. Қарангки, ижтимоий тармоқларда Дима Қаюм номи билан машҳур Риштон туманида яшовчи Дилшод Болтабоев ҳам кимларнингдир наздида ана шундай “фойдасиз” юмушга қўл урди. 

Минг бир уриниб, топгани қойиллатиб яшашга етмаса ҳам ўзини тадбиркор деб эълон қилган бу йигит Риштон деҳқон бозори ҳудудида, ўзи очган дўкони ёнидан кутубхона очди. Кутубхонани ортиқча тасвирлаб, таърифлаб ўтирмаймиз, негаки бу ҳақда билмаган, эшитмаган юртдошларимиз қолмади, ҳисоб. 

Бундан икки-уч ойча муқаддам Риштон тумани ҳокими Дилшодни қабул қилиб, унга алоҳида ер ажратгани, қисқа фурсатда саховатпеша юртдошларимиз кўмагида шинам ва кўркам кутубхона битгани ва ишга тушгани, юртимизнинг турли ҳудудларидан таниқли ёзувчи ва шоирлар, депутатлар, журналистлар Риштон томонга йўли тушса, “Рошидоний” халқ кутубхонасига борганини, бундан эса камтарин дўстимиз қанчалар фахрланганини ҳаммамиз ижтимоий тармоқлар орқали кўрдик, кузатиб бордик. 

Дилшод бу ишни нима учун амалга оширди? У Президентимизнинг китоб ўқиш, ёшларни маънавиятли этиб тарбиялаш борасидаги гапларидан илҳом олди. Ўзи ҳеч қаерда ўқимаган бўлса ҳам, бозорда юрган болаларга раҳми келди, кун бўйи ишлаб, ҳолдан тойган фаррошни ўйлади: шу аёлгина китоб ўқиса, балки турмуш ташвишларидан озгина чалғир, деган хаёлга борди. Барака топсин, нияти амалга ошди ҳам. Чиройли кутубхона ишга тушгач, умрида китоб нималигини билмаганлар ҳам Димани излаб келадиган бўлишди. Чунки унинг кутубхонасида бошқа жойда топилмайдиган китоблар топилар, боз устига улардан фойдаланиш бепул. Бундан хабар топган борки, китобни ўқишга олиб кета бошлади. Ҳамма хурсанд, ҳамманинг кайфияти зўр, аммо Дилшоднинг дили шод бўлмади. Тўғрироғи, унинг қувончи узоққа чўзилмади. 

Риштонга янги ҳоким келдию, Дилшоднинг кутубхонаси ноқонуний қурилган, деб топилди. Шундан сўнг Дилшод ижтимоий тармоқлар орқали “Илтимос, кутбхонани бузишмасин” дея мурожаат қилди. Уни минглаб юртдошларимиз қўллаб-қувватламоқда. Ўзбекистон телеканалида тадбиркорларнинг ҳуқуқлари поймол этилаётгани, бундай вазиятда кимларга мурожаат қилмоқ ва не қилса масала ҳал бўлади, деган саволларга жавоб топиш илинжида “Муносабат” ток шоуси мутахассисларни чорлади. Аммо бу мутахассислар одатдагидек биров тушунмайдиган тилда гапиришди. 

Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишларида халқни ўйлаш ҳақида гапирсаю, халқ бошида турганлар қилт этмаса, нима қилиш керак?

Бугун давр ўзгаргани, янгича фикрлаш ва ишлаш кераклиги айтилаётган бўлсаю, бундай қилса аввалги “давру давронидан” ному нишон қолмаслигини билганлар ҳамон от тепасида бўлса, нима қилиш керак?

Бу тадбиркорлик субъекти бўлмаса, Дилшод ундан фойда кўрмасаю, ҳоким унга кредит таклиф қилаётганини қандай тушуниш керак?  

Президентимиз: “Ҳокимлар китоб ўқисин, театрга борсин, маънавиятга жавоб берсин, пахтага эмас” деб турсалару жойлардаги раҳбарлар бундан руҳланиб ишлаш ўрнига бир қалби пок йигитнинг эл юртга хизмат қилиб турган кутубхонасини бузишга уринса, нима қилиш керак? 

Бугун очиқ-ошкоралик шамоли эсиб, кўксимизга шабада тегаяпти экан, нега бизни додлатишга сабаб бўлганларга додимизни айтишимиз, арзу ҳол қилишимиз керак? Нима учун шундай?  Ёки гап бошқа ёқдамикан? Ёки Дилшод Болтабоев ўзидан кетиб қолдимикан? Йўқ, у ўзгармайди. Ёки кимгадир ёқмай қолдимикан? Бировга ёқмасанг ҳам қийин. Тўғри-да, туманнинг биринчи раҳбарини ҳеч ким танимасаю аллақандай печкафурушни бутун Ўзбекистонда танишса, бу кимга ёқади? 

Аммо Дилшодга ҳеч нарса керак эмас. У ўзгаларга яхшилик қилишдек эзгу ниятнинг этагидан тутган холос. Унинг яшаш тарзини ҳам кўрдик:  оддий оила фарзанди, аёли, икки нафар фарзанди бор. Ота-онаси ўқитувчи бўлишган, айни пайтда нафақада. Ўзи эса тадбиркорлик билан шуғулланади. Бироқ, гап шундаки, у топган-тутганини айримлардан фарқли ўлароқ, уй-жой қилиш, данғиллама иморат кўтариш ёки замонавий машиналар минишга эмас, одамларга яхшилик қилишга, кўмакка муҳтожларга ёрдам беришга сарфлашни хуш кўради, шундан завқланади.  

Куз-қиш мавсумида печка, труба, ёзда эса асосан банка сотадиган бу йигитнинг даромади мақтангулик эмас, бироқ, минг сўм топса, ўн минг қўшиб, хаста ётган бирор қўшниси ёки танишининг ҳол-аҳволидан хабардор бўлишни канда қилмайди. Уйига иккита нон олиб боришни унутар, лекин маҳалласида бирор муаммо туғилса, шуни бартараф этмагунча ҳаловат нималигини билмайди. 

Энди айтинг, шундай йигитни кутубхонасини бузиш ноинсофлик эмасми? 

— Давлатимиз раҳбари қаерда, қайси йиғилишда бўлмасин, албатта китоб ҳақида гапиришларидан жуда таъсирландим, — дейди у. — Болаликдан китоб ўқишни яхши кўраман. Бир одамнинг қўлида китоб кўрсам, у билан танишгим, дўстлашгим келади. Президентимизнинг китобга бўлган юксак эътиборлари эса менга қанот бағишлади. Меҳр ва иштиёқ билан кутубхона ташкил этишга киришдик. Очиғи, 15-20 кунда бунчалик кўп китоб йиғилади, деб ўйламагандик. Жавонимизга баъзи китоблар сиғмай ҳам қолди. Таниқли ёзувчи ва шоирлар ўз китобларини юборишганида, айниқса, бошим осмонга етди. Китоб жўнатган барча маърифатпарвар юртдошларимизга раҳмат.

Бу кутубхона очилганда айтилган фикрлар. Энди эса унинг бугунги муаммоси ҳақида  ижтимоий тармоқларда билдирилаётган изоҳларга назар ташлайлик.  

  • Фейсбук фойдаланувчиси Musannif Adham шундай ёзади: “Ҳолат ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда: Дилшод ака 2017 йилнинг сентябрида бозорда кутубхона ташкил қилиш ташаббуси билан чиқди. Ҳар томондан китоб келди, махсус китоб жавони ясалиб, шароит қилинди. Бу ҳақда ҳамма бирин-кетин ёза бошлади. Ҳеч ким, ҳуқуқшунослар ҳам, архитекторлару бошқаси ҳам “Ие, Дилшодбой, бу ишингиз қонунийми? Нима қиляпсиз ўзи?” — деб сўрамади. Орадан уч ой ўтиб, 2017 йилнинг декабрида Дилшод ака очиқ кутубхонани ёпиқ бинога кўчирмоқчи бўлди: Фейсбукда эълон қилишича бу ишга 15-20 миллион сўм кетар экан. Пул йиғиш, унинг ортидан қурилиш бошланди. Кўпчилик бу ишга ҳисса қўшди: кимдир моддий, кимдир маънавий. Қурилиш битиб, кутубхона очилди. Яна ҳаммаёқда дўмбирабозлик: "Дима Қаюм кўп яшасин. Ҳамма ундан ўрнак олсин!” Хурсандчилик узоққа чўзилмади, уч кун олдин Риштоннинг янги ҳокими қўл остидаги архитектор, бозорқўмлар кутубхонани бузишга буйруқ берди. Уларнинг ҳам ўзича асоси бор: “Бозорда кутубхона ноқонуний. Ўқийдиган одам бошқа ерга борсин”. Бутун Ўзбекистон десам, хато бўлади, Фейсбук аҳли деярли иккига бўлинди: кўпчилик “Риштон халқ кутубхонаси”ни сақлаб қолишни ёқлаб чиққан бўлса, “Димабой, бу ишни ноқонуний қилганмидингиз? Энди ҳоким тўра нима қилсалар ҳам тўғри. Айб ўзингизда”, дейдиган насиҳатчилар ҳам чиқди. Энди бу масалани ток-шоуга ҳам кўтариб чиқишибди. Ҳолбуки, кечагина қатор каналларда Дима Қаюм ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатилганди. Халойиқ, нега бундайсизлар? Нега амалдорларнинг оғзига қараб турасизлар? Нега кеча ўша ҳоким тўралар бу ташаббусни маъқуллаганда мақтовга жўр бўлдингиз-у, бугун нега "қонунийлик, кадастр, бозор маданияти” ҳақида эслаб қолдингиз? Келинг, оддийроқ савол берай: юзингиз нечта?”

  • Элмурод Эрматов эса шундай фикр билдирган: “Аслида қандай бўлиши керак эди? Мен туманнинг янги ҳокимиман. Сизнинг кутубхонангиз ҳақида Ўзбекистон ва қўшни давлат ОАВлари ҳам ёзган экан. Сиздек инсонлар бизга жуда керак! Мендан нима ёрдам? Мабодо, бозор реконструкция қилинса, янги жой берамиз. Муаммо бўлса менга учранг. Бўлди. Олам гулистон. Бутун Ўзбекистон, Россия нашрлари ёзган халқ кутубхонасини билмайдиган ҳоким, буни тескарисини гапирди. Ана ҳокиму-мана ҳоким”.

  • Абдумалик Носиров: “Риштонда Халқ кутубхона қурилгунча ҳеч ким ҳеч нарса демади. Баъзилар “Ҳа, бу оддий тузфуруш ниманиям эпларди” деган назар билан қараб туришди. Буни қарангки, ҳаммаси гўзал ҳолга келганда ҳаммаси ноқонунийга айланибди. Илон Маск хусусий сектор орқали космосга ракета учирди. Билл Гейст хусусий сектор орқали бутун дунёдаги компьютерлар тизимларини 75 фоиз ОС билан таъминлади. Бизда эса халқ онгини оширишга хизмат қилувчи битта кутубхона ортиқчалик қилди”.

Хуллас, фикрлар кўп. Дилшодни таниган-танимаганлар ҳам унинг ёнини олишмоқда. Чунки гап бебаҳо бойлик — китоб ҳақида кетмоқда. Кундан-кунга сафи ортиб бораётган, айрим асарлар учун навбат ёздириб кетаётган одамларнинг ҳаммаси ҳам китоб сотиб олишга қурби етмайди. Дилшод Болтабоевнинг кутубхонаси улар учун айни муддао эди. 

Дилшод Болтабоев китоблар кўпайгач, яна бир ишга қўл урмоқчи эди. Яъни, имконияти чекланган ёки кам таъминланган оилалар фарзандлари учун уйма-уй, қишлоқма-қишлоқ юриб, китоб тарқатишни дилига туккан эди. 

Келинг, ҳеч бўлмаса, унинг мана шу нияти учун ҳам зиё маскани жойида турсин. Йигирма беш аср аввал ибодатхонага ўт қўйган Геростратнинг ишини қилиб, гуноҳ орттирмайлик.   

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn