Иқтидорли фарзандлар – энг катта бойлигимиз
Версия для печати
  • 06 Июнь 2014

Иқтидорли фарзандлар – энг катта бойлигимиз

— Президентимизнинг турли йиғинлардаги нутқини, суҳбатларини доим қизиқиш билан тинглайман, — дейди маҳалладошим Эркинжон ака. – У киши келажагимиз тўғрисида, айниқса, болалар билан ёшлар ҳақида сўзлаганида беҳад тўлқинланиб, кўнгли яшнаб кетиши яққол сезилиб туради.

Буни кўриб турган одамнинг ҳам ўз-ўзидан баҳридили очилади.
Давлатимиз раҳбари Хотира ва қадрлаш кунида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлган мулоқот чоғида фарзандларимизнинг тинч муҳитда ҳар жиҳатдан баркамол бўлиб улғайишлари, эл-юртнинг мустаҳкам таянчига айланишлари учун барча шарт-шароит яратилаётгани, булар қисқа давр ичидаёқ ўз натижасини бераётгани борасида сўз юритар экан, Эркинжон аканинг юқоридаги гаплари беихтиёр ёдимга тушди. Айниқса, дунёнинг кўп мамлакатларидаги улкан қурилишларда қатнашган кореялик довруқли мутахассислардан Ўзбекистондагидек зеҳни ўткир, малакаси пишиқ ёшларни кам учратишганини эшитиш нақадар қувончли эканини Юртбошимиз қалби сурурга тўлиб-тошган тарзда баён этди. Бу манзара ўз фарзандининг хулқи гўзаллиги, иши пухталиги, иқтидори юксаклиги кабилар ҳақида бировлардан илиқ гаплар эшитиб, раҳмат олган отанинг фахр ва ғурурдан чеҳраси ёришиб кетган ҳолатини эслатади, кишига.
Кейинги ойларда Ёзувчилар уюшмасининг бир гуруҳ аъзолари турли таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнаткашлар вакиллари билан жойларда қатор адабий учрашувлар ўтказдик. Қаерда бўлмайлик, фарзандларимизга қилинаётган ғамхўрликлар кўлами тобора кенгайиб бораётганининг гувоҳи бўлдик.
Биргина Фарғона сафарининг ўзидан адибларимиз олам-олам ижобий таассуротлар олиб қайтишди. Давлатимизнинг улгуржи молиявий кўмаги, қолаверса, вилоятда халқ хўжалигининг барча соҳаларида йил сайин олға силжишларга эришилаётгани боис ҳамма жой кунма-кун ободонлашиб, кўркамлашиб бормоқда. Болалар боғчаларидан тортиб, мактаб, лицей, коллежларгача бири-биридан фусункор, ҳашаматли. Ҳарбий лицей, солиқ коллежидаги озодалик, юксак тартиб-интизом, уюшқоқлик, касбга муҳаббат ва масъулият билан ёндашишлик ўқувчиларнинг одатий турмуш тарзига айланиб қолганини кўриб, кўзимиз қувонди. Бу масканларда фанни яхши ўзлаштириш учун зарур бўлган барча замонавий ускуна муҳайё қилинган, илм билан амалиёт уйғунлиги намунали ташкил этилган.
Қувадаги мусиқа коллежидамиз. Барча таълим муассасаларидаги каби бу жойда ҳам ўқувчилар бир хил кийимда, эгизаклардек аҳил-иноқ бўлиб юришибди. Залга йиғилдик, ёшлар истеъдодларини намойиш қила бошлашди. Ўқувчилар жаҳон мусиқий хазинасидан намуналар кўрсатиш билан бирга, замонавий ва мумтоз ўзбек куйлари, қўшиқларини маромига етказиб, фонограммасиз бўлгани учунми, шу қадар завқ-шавққа чулғаниб ижро этишдики, очиғини айтганда, айрим номдор хонандаларнинг ғала-ғовурли томошасига тушгандагидан кўпроқ яйрадик. Қўқондаги “Жоме” мажмуасида бўлиб, ёш ҳунармандлар кўргазмасида қатнашганимизда, фарзандларимиз қўли гул ота-оналарини ҳадемай ортда қолдириб кетишлари, бу борада жаҳонга довруқ солишлари муқаррарлигини англаб, чексиз ғурурландик. Йўқ, булар кечаги болалар эмас, бугунгилари тамоман бошқача бўлиб кетибди, ўсгандан ўсибди!
Шаҳар-ку — шаҳар, ҳатто Фарғона туманининг Бўстон деган чекка қишлоғидаги мактабда бунчалар чечан, бунчалар учқурхаёл ва тиришқоқ болаларга дуч келамиз, деб ўйламаган эдик. Уларнинг қўли билан бунёд этилган замонавий асбоб-ускуналар, роботлар, митти автоуловлар, ўлкамиздаги машҳур бино ва обидалар макетлари қойиллатиб ясалгани, каштачилик, ўймачилик, саваттўқарлик, қандолатчилик, чеварчилик янглиғ соҳалар сирини мукаммал ўзлаштириб бораётганларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушладик.
Фақат вилоят марказида эмас, барча туманларда, айниқса, Данғара, Қувасой, Тошлоқ, Марғилон, Олтиариқ каби гўшаларда қурилишлар, ободончилик ишлари кенг миқёсда олиб борилмоқда. Эътиборга молик томони шундаки, ушбу бунёдкорликлар ёнида болалар учун спорт майдончалари, турли ўйинларга мосланган дам олиш масканлари ҳам бир йўла барпо этилаётир. Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган тиббий муассасалар сони ошиб бормоқда. Ўқувчилар оромгоҳлари таътил олдидан ҳавас қиларли ҳолатга келтирилди. Маънавиятимиз юксалишида беқиёс аҳамият касб этувчи “Китоб байрами”ни ҳақиқий тантанага айлантиришнинг эса фарғоналиклар жуда ҳадисини олишган.
Кўнглимизга энг кўп ҳузур бағишлагани шу бўлдики — азиздан азиз болаларимизнинг, ёшларимизнинг руҳи баланд, эртанги куни бугунгидан-да гаштлироқ бўлишига ишончлари комил. Бундай оқил фарзандларни қадимий удум ва анъаналаримиз руҳида тарбиялашда, учқур замонанинг фан-техника ютуқлари билан ёндош этиб улғайтиришда давом этаверсак, “оммавий маданият” деб аталмиш юқумчил офатлардан, ҳар хил сохта мурувват, юзаки меҳрибонлик ниқоби остида четдан кириб келиб, болаларимиз онгини пинҳона заҳарлашга уринувчилар тажовузидан асрашга астойдил уринаверсак — марра бизники, шунда бу покиза юртга  нопок ниятлар кириб келолмайди.
Президентимиз яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро анжуманда шундай дедилар: “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман”.
Бу қанотбахш сўзлар не-не буюк зотларнинг вориси эканимизни янада батафсил ўрганиб, янада чуқур англаб, буни фарзандларимизга ҳам уқтириб боришга ундайди. Бу омил эса эртага ўзимизга қўша-қўша саодат бўлиб қайтавериши аниқ.

Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn