Дилшод Болтабоев(Дима Қаюм): “Илтимос, ўтиниб сўрайман, кутубхонани бузишмасин”
  • 08 Февраль 2018

Дилшод Болтабоев(Дима Қаюм): “Илтимос, ўтиниб сўрайман, кутубхонани бузишмасин”

Мамлакатимизда китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилишга ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилаяпти.

Халқ, хусусан, ёш авлод қалбига маърифат нурларини олиб кириш, тафаккурини бойитишдек эзгу ишларга бош қўшаётганлар ичида тадбиркорлар сафи кенгайиб бораётгани қувонарли ҳол. Энди одамлар кўз ўнгида ишбилармон деганда фақат пулнинг кетидан қувиб, даромад қидириб юрадиган инсон эмас, балки жамиятда маънавиятни юксалтиришга ўзининг беминнат ҳиссасини қўшишга интилаётган ижтимоий фаол шахс гавдаланаяпти. Бундай яхши ташаббуслар нафақат марказий шаҳарларда, балки чекка туманларда ҳам қанот ёяётганлиги эса аҳамиятли воқеадир. Улардан бири риштонлик ҳунарманд-тадбиркор Ижтимоий тармоқларда Дима Қаюм тахаллуси билан танилган Дилшод Болтабоевдир. 

У хайрия маблағлари ва ўз ҳисобидан бозордаги ўзига ажратилган жойдан кутубхона очди, одамларга беминнат зиё таратишга киришди. Бироқ шу кунларда бундай олижаноб ҳаракатни тўхтатишга бўлаётган уринишлар нафақат бозордагиларни ажаблантирмоқда, балки маърифатни севувчи барчанинг эътирозига сабаб бўлмоқда.  Буни у “Facebook” ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирган мурожаатини ўқиб билдирилаётган юртдошларимиз фикрларидан ҳам англаш қийин эмас. “Ота-онам нафақадалар. Мен эса Риштон тумани деҳқон бозорида тунука ва печка маҳсулотлари савдоси билан шуғулланаман” , - деб ёзади у.

Давлатимиз раҳбарининг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш мақсадида амалга ошираётган ташаббусларидан илҳомланиб бозордаги қонуний жойига ўтган йил сентябрь ойидан ўз кутубхонасидан китоблар олиб чиққани ҳақида тўхталиб ўтади. 

“Интернетдаги дўстларимга ҳам илтимос қилдим. Китоблар ёғилиб кела бошлагандан кейин, Халқ таълими вазирлиги мутасаддиси ва Риштон туман ҳокими билан суҳбатлашиб, рухсат олдим. Шундан сўнг ўзимнинг дўконимдан 12 кв.м. жойга акфадан қурилиш ишларини бошлаб, 25 кунда замонавий “Рошидоний” халқ кутубхонасини битказдим. Очганимга уч ой бўлган бўлса, китоблар сони 1500 донадан ошди. Китоб ўқувчилари сони 1000 дан кўпайди.

Бу қурилишга барча юртдошларим хайрия акцияси қилиб, пул беришди. Мен эса ҳамма маблағни шу кутубхонага сарф қилдим”.

Аммо у Риштон тумани ҳокимидан буйруқ олган архитектура-қурилиш бўлими бошлиғи кеча тонгда туман ИИБ ва ёнғин хавфсизлиги бўлими вакиллари билан чиқиб, уни“Сен ноқонуний қурдинг”дея  адолатсиз айблагани ҳақида куйиниб гапиради. 

Ҳоким ёнига кириб, бу ишлар учун 30 млн.дан ошиқ пул сарфлаганини айтганда, туман раҳбари “бошқа ердан жой олиб бераман, кредит ҳам бераман” деб жавоб қайтарган.

Аммо Д.Болтабоев эса бошқа жойга бора олмаслиги, берилган кредитни тўлай олмаслиги, сабаби гаровга қўйишга ҳеч нимаси йўқлигини баён этган. 

“Ҳар куни ўқувчилар 20-25 донадан китоб олиб кетишмоқда. Албатта, бепул тарқатяпман. Ёнида дўкончамда савдо қилаяпман” деб ёзар экан шундай илтимос қилади: “Ўқувчилар ва ўз номимдан ўтиниб сўрайман, шу жойимни бузишмасин. Ҳеч қандай ёнғинга ва ҳоказоларга халақит қилмайди”.

Юртбошимизнинг “Жаҳолатни маърифат билан енгамиз” деган сўзлари қулоғида доимо жаранглаши ҳақида сўзлар экан, яна такрорлайди: “Илтимос, ўтиниб сўрайман, кутубхонани бузишмасин. Ёрдам беринг. Қишлоқда кутубхона бор. Лекин шароити йўқ. Ҳам узоқ. Ҳеч ким бормайди. Мен қурган бепул кутубхона бозорга юмуш билан келган одам олиб кетяпти. Албатта, бепул”.

Айни пайтда мухбиримиз мазкур мурожаатнинг тақдири билан қизиқиб, ҳунарманд ва маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари билан учрашмоқда. Яқин соатларда бир тадбиркорнинг маърифат йўлидаги югур-югури нима билан якун топганидан бохабар бўласиз.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn