Техник регламент қоидалари бузилганлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда
  • 08 Февраль 2018

Техник регламент қоидалари бузилганлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарида қонун ижодкорлиги жараёни қизғин кечмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қуйи палатага киритилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси масъул этиб белгиланди. Қўмита ишчи гуруҳи томонидан мазкур ҳужжат биринчи ўқишга тайёрланмоқда.

Ушбу қонун лойиҳаси техник регламентларга риоя қилиш устидан самарали давлат назоратини ҳамда “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги ва “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги қонунларнинг нормаларини тўлақонли амалга оширишни таъминлашни кўзда тутади.

— Ҳозирги кунда қўмитамиз томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддаларига қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда, — дейди қўмита аъзоси Жамила Ниязова. — Хусусан, техник регламентлар талабларини, шунингдек, маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш органлари ва аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлар) томонидан сертификатлаштириш қоидалари бузилганлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Депутатлар мазкур соҳадаги хорижий тажрибани таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратаётир. Шунингдек, бу ҳужжатни қабул қилишнинг зарурати кўриб чиқилаяпти.

Қўмита аъзоларининг қайд этишича, амалдаги қонунчиликда фақатгина тайёрловчиларга (тадбиркорларга) маҳсулотни мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланган, холос. Амалиётда эса сертификатлаштириш органлари ва синов лабораториялари томонидан ўрнатилган тартиб бузилаётгани аён бўлмоқда. Мисол учун, 2017 йилнинг ўн ойида мувофиқликни баҳолаш ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида талабларни бузганлик учун 48 та сертификатлаштириш органи ва 75 та синов лабораториясининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномаларининг амал қилиши тўхтатиб турилди, 19 та сертификатлаштириш органи ва 6 та синов лабораториясининг аккредитация тўғрисидаги гувоҳномалари амал қилиши тугатилди. Ушбу ҳолат ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик масалаларини киритиш лозимлигидан далолат беради.

Шу кунларда мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишга киритиш юзасидан сиёсий партиялар фракциялари ва Қонунчилик палатасидаги қўмиталарнинг хулосалари олинмоқда.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn