Озиқ-овқат хавфсизлигининг қонуний асоси яратилади
Версия для печати
  • 08 Февраль 2018

Озиқ-овқат хавфсизлигининг қонуний асоси яратилади

Ҳар қайси мамлакат ижтимоий ҳаётида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, бу борада энг тўғри, самарадор стратегик йўлни белгилаб олиш халқ фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу маънода, Ҳаракатлар стратегиясида бозор муносабатлари талабларига мос равишда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш, уларнинг сифати ва хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш бўйича муҳим йўналишлар белгилаб берилгани эътиборга молик.

Президентимизнинг жорий йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони кўзда тутилган вазифаларни амалга оширишни мантиқан янги босқичга олиб чиқади. Айни чоғда давлатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, талаб юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини четдан олиб келишда тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришга хизмат қилиб, мазкур соҳадаги озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан монополлаштирилиши, сунъий тақчилликнинг юзага келиши, нарх-навонинг асоссиз оширилиши каби жиддий муаммоларга барҳам беради.

Фармонда 2018 йил 1 февралдан мамлакатимизга озиқ-овқат товарларини импорт қилиш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга тақдим қилинган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёз ҳамда преференцияларни, истеъмол товарларини республика товар-хом ашё биржаларида сотиш (сотиб олиш)га тақиқни бекор қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларга улгуржи савдога лицензия бериш учун  энг кам иш ҳақининг 3500 баравари ва унинг устав фондида пул маблағларига 1200 баравар талаб этилган мажбуриятларни бекор қилиш ўз ифодасини топган.

Бу, биринчидан, тадбиркорлик субъектларига бозорда тенг рақобат муҳитини яратса, иккинчидан, бозорларимиз сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдирилади, деганидир. Шу билан бирга, хом ашё биржаларида ва электрон савдоларда мамлакатимиз ва чет эл тадбиркорларининг қатнашиш имкониятлари тенглик асосида вужудга келади ва давлатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ошади.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январигача шакар ишлаб чиқарувчи субъектлар импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарган шакар ҳажмига қўшилган қиймат солиғидан, шунингдек, 8 турдаги озиқ-овқат товарлари ҳам божхона тўловларидан озод этилмоқда. Бу каби имтиёзлар берилиши арзон маҳсулот тайёрлаш ҳажмини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилади. Шу билан бир қаторда, унда аграр соҳани ривожлантириш, ижтимоий давлат-хусусий шерикликнинг таъсирчан механизмларини ва қулай божхона тарифларини жорий этиш мақсадида  “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар айни пайтда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. 

Олдимиздаги яна бир муҳим масала ушбу Фармоннинг амалиётга татбиқ этилиши билан боғлиқ бўлиб, бунда, аввало, соҳанинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, жойларда сайловчилар билан мулоқотларда унинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш, бу жараён устидан самарали парламент назоратини рўёбга чиқаришга аҳамият қаратишимиз айни муддао. Қўмитамиз томонидан мазкур Фармоннинг ижро этилиши ва шу асосда амалдаги қонунчилик билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш, мунтазам мониторинг ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ушбу ҳужжат тадбиркорлик субъектларига янги имкониятлар яратиш билан бирга, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги барқарорлигини узвий давом эттиришга хизмат қилади. 

Тўлқин ЭШНАЗАРОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn