«Энди ўз уйим бўлади»
  • 08 Февраль 2018

«Энди ўз уйим бўлади»

Ҳасанбой Абдуллаев Наманган туманининг Ибрат номидаги маҳалласида доимий рўйхатда туради. Икки фарзанди бор. Аммо ўз бошпанаси йўқ.

Шу туфайли узоқ йиллар ижарада яшади. Топганини шунга сарфлади. Бундан нафақат ўзи, балки отаси Сайдулло Қипчоқов ҳам эзилиб юрарди.

Маҳалла фуқаролар йиғинидан тортиб, ҳокимликкача қилинган такрор-такрор мурожаатлар наф бермагач, отахон Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонасига йўл олди. Фуқаролар муаммоларини қонун доирасида, тезкорлик билан ҳал этиш изчил йўлга қўйилган идорада Сайдулло аканинг дардига қулоқ тутишди. Муаммо ечимига тегишли муассаса ва мутасаддилар жалб этилди. Қидирса, имконият топилар экан. Маҳалладаги фойдаланилмай турган бўш жойнинг битта ҳовлига тенг қисми туман ҳокими қарори билан эҳтиёжмандга ажратиб берилди.

Ҳасанбой Абдуллаев қурувчиликдан унча-мунча хабардор экан. Ҳаётий муаммоси ҳал бўлганидан қувониб, қисқа муддат ичида икки хонали иморат тиклади. Ҳозир пардозлаш ишларини олиб бораяпти.

— Наврўз байрамига қадар уйни тўлиқ битирмоқчиман, — дейди у. — Кўчиб киргач, менга яқиндан кўмак берган инсонларни таклиф этиб, ҳовли тўйи ўтказамиз.

Халқ қабулхонаси фаолиятига назар ташлар экансиз, кўпчилик ташвиш ва муаммолари ариганидан мамнун бўлиб чиқаётганини кўрасиз. Буни ўтган йили фуқаролардан келиб тушган 1047 та мурожаатнинг аксарияти қонуний ечимини топгани, қолганларига батафсил ҳуқуқий ёрдам берилганида ҳам кўриш мумкин.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn