Муқаддас бурч масъулияти
  • 07 Февраль 2018

Муқаддас бурч масъулияти

Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб йигитларни муддатли ҳарбий хизматга кузатишга бағишланган тантанали маросимлар ўтказилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ташкил этилган шундай тадбирда вилоят ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, ҳарбий хизматчилар ҳамда бўлажак аскарларнинг ота-оналари қатнашди.

Ҳарбий хизматга шайланган ўғлонлар юз-кўзида ўзгача шижоат, ғурур мужассам. Ота-оналар ҳаяжонда. Эгнига ҳарбий либос ярашган фарзандига боқиб, фахр ҳиссини туяётганлардан бири Янгийўл туманидаги 37-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Наргиза Шодибоевадир.

— Бугун оиламиз ҳаётида энг қувончли кунлардан бири, — дейди у. — Ўғлим Муҳаммадамин армияга тайёргарлик жараёнида билимини бойитди, жисмоний жиҳатдан анча чиниқди. Ниҳоят, орзусига эришди. Бугун ҳаммамиз хурсанд бўлиб уни кузатаяпмиз. Бу ерда жам бўлган оналар қатори дилбандимнинг ўз бурчини кўнгилдагидек адо этиб, оиламиз бағрига ёруғ юз билан қайтишини тилайман.

* * *

Самарқанд вилоятида ҳам муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар тантанали кузатилмоқда. Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ташкил этилган шундай маросим байрамона тус олди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида ёшларда ҳарбий хизматга қизиқиш ортиб бораётгани, Ватан ҳимоячиси бўлиш юксак шарафга айланганини алоҳида таъкидлашди.

— Бугун энг катта орзуларимдан бири амалга ошганидан, армияга йўл олаётганимдан жуда хурсандман, — дейди Булунғур туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Шерзод Исломов. — Ватанни ҳимоя қилиш йигитнинг муқаддас бурчидир. Мен халқимиз тинчлигини таъминлашга ҳисса қўшиш йўлида бор куч-ғайратимни ишга соламан.

Маросимларда муддатли ҳарбий хизматга отланган йигитларга эсдалик совғалар топширилди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

Ғолиб АБДУСАЛОМОВ.

Мансур НАХАЛОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn