Сурхондарёда ўтган йил 6 та меҳмонхона ва 3 та сайёҳлик ташкилоти иш бошлади. Аммо бу ҳали бошланиши...
  • 07 Февраль 2018

Сурхондарёда ўтган йил 6 та меҳмонхона ва 3 та сайёҳлик ташкилоти иш бошлади. Аммо бу ҳали бошланиши...

Сурхондарё вилояти сайёҳликнинг барча йўналишларини ривожлантириш бўйича улкан салоҳиятга эга ҳудуд ҳисобланади. Шу боис  воҳада экотуризм, агротуризм, экстремал шароитлар туризмини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Айни мақсадда маданий мерос объектларини таъмирлаш, ободонлаштириш, сайёҳлар учун оммавий кўнгилочар тадбирлар ташкил этиш, меҳмонхоналарда хизмат кўрсатиш сифатини юксалтириш, замонавий инфратузилма объектлари барпо этишга доир кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, сайёҳларнинг табиат қўйнида мароқли ҳордиқ чиқариши, бетакрор табиат гўзаллигидан баҳра олишлари учун қулай шароитлар яратилмоқда. 

Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган воҳада мавжудмуқаддас қадамжолар, қадимий обидалар ва маданий мерос намуналари дунё сайёҳларини ҳамиша оҳанрабодек ўзига тортаверади. Хусусан, Қоратепа, Қирққиз, Кокилдор ота, Султон Саодат, Зурмала, Фаёзтепа, Жарқўрғон минораси, Саид Оталиқ мадрасаси, Искандар кўприги, Кампиртепа ва бошқа ёдгорликлар вилоятда янгидан-янги сайёҳлик йўналишлариташкил этиш имконини бермоқда.  

— 2017 йилда вилоятимизда 6 та меҳмонхона ва 3 та сайёҳлик ташкилоти иш бошлади, — дейди Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти бўлими вакили Шуҳрат Ибрагимов. — Ўз навбатида, соҳада хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, замонавий инфратузилма ҳамда янги йўналишни ташкил этиш бўйича Термиз шаҳри ва Бойсун туманида эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Натижада 51 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Хусусан, Термиз-Денов, Термиз-Бойсун ва Термиз-Музработ йўналишларига асос солингани ана шундай хайрли ҳаракатлар самарасидир.  

Ўтган йили вилоятдаги тарихий-маданий мерос объектларини таъмирлаш ва ҳолатини яхшилаш мақсадида 7 та тарихий обида 6,2 миллиард сўм эвазига қайта таъмирланди. 2018 йилда Ҳаким Термизий ҳамда Имом Термизий ёдгорлик мажмуаларида зиёрат сайёҳлигини кенгайтириш юзасидан аниқ дастурлар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, Термиз шаҳридаги «Меридиан» мехмонхонаси ёнида япон боғи ҳамда археолог Кюдзо Катога ҳайкал ўрнатиш ишлари ҳам кўзда тутилган. Воҳадаги қадимий Буддизм марказларини таъмирлаш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш каби хайрли ҳаракатлар туризм истиқболларини янада кенгайтирмоқда.

Илҳом РАҲМАТОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn