Навоий шаҳри Навоий номини олиши осон кечмаган...
  • 07 Февраль 2018

Навоий шаҳри Навоий номини олиши осон кечмаган...

Сиз кутган суҳбат

2001 йил 26 август куни Навоий шаҳрида ҳазрат Навоийнинг муаззам ҳайкали очилди. Мазкур тантанада мамлакатимизнинг биринчи Президенти иштирок этиб, “ул зотни авлиё десак, авлиёларнинг авлиёси... ”, деган қанотли иборани илк бор таъкидлади. Шу тахлит асос солинганига 43 йил ўтиб, шоир номидаги шаҳар унинг ҳайкалига эга бўлди. Шаҳарга Навоий номи берилиши масаласидаги тафсилотлардан олдин унинг барпо этилиши тарихига қисқа тўхталиб ўтмоқ жоиз.

Шу ўринда эътироф этмоқ лозимки Маликчўл бағрида мазкур шаҳарнинг бунёд этилиши бевосита Қизилқум кенгликларида стратегик хом-ашёларнинг ўзлаштирилиши билан боғлиқ. Ушбу  руда собиқ Иттифоқнинг Ўрта машинасозлик вазирлиги (“Средмаш”) томонидан қазиб олиниб, ундан асосан ядро қуроли ва атом энергетикасида кенг фойдаланилганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бироқ ўша кезлар бу ўта махфий ҳисобланиб, тармоқни салтанатнинг хавфсизлик идоралари назорат қилганлигининг ўзи “Средмаш”нинг салоҳият ва имкониятларидан далолатдир. Табиийки, вазирлик тизимидаги корхоналарга ҳам раҳбарлик лавозимларига тажриба билан бирга фирқа ишларида суяги қотган кишилар тайинланиб, улар ташкилотнинг ҳудуддаги комитетларида ҳисобда туришарди. Ҳудуд эса ўша йиллар Бухоро вилоятининг Кармана туманига тегишли бўлиб, унинг туман қўмитасига  Ирисқул Ниёзметович Ниёзметов раҳбарлик қилган. И. Ниёзметовнинг қизи Салтанат Ниёзметова бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинатининг  тамал тоши қўйилган Учқудуқ шаҳрида истиқомат қилади. Етмиш икки баҳорни қарши олаётган онахон бугунги кунда НКМК таркибидаги Шимолий кон бошқармаси фахрийлар кенгаши раиси.

Салтанат Ирисқуловна, аввало отангиз таржимаи ҳолига қисқача тўхталсангиз?

Отам, Ирисқул Ниёзметов 1911 йил туғилган. Меҳнат фаолиятини 14 ёшидан бошлаб, “Қизил Ўзбекистон” ва “Правда Востока” нашриётида раис, Шаҳрисабз, Бухоро, Қоракўл, Шофиркон, Вобкент ва Кармана туманларида партия қўмитаси биринчи котиби лавозимларида ишлаган. Шаҳарга асос солинган йиллари Кармана туманида партия қўмитасини бошқарган. Ўша йиллари НКМКнинг биринчи директори Зараб Петросович Зарапетян билан дўстона алоқада бўлиб, бу дўстликни умрининг охиригача сақлаб қолди. 

Биз 52-58 йилларда Карманада яшадик. Ўшанда Қосим Шайх обидасидан вокзал ҳудудигача бўлган ҳудуд, яланглик-янтоқзор эди. НКМК ташкил этилгач, қурилишлар қизиб кетди. Қурувчилар асосан, маҳбуслардан иборат эди. Катта-катта ҳудудларнинг баланд девор, тиканли сим билан ўраб олинганлиги ҳали кўз олдимда. Ўшанда бу ҳудудни вокзалликлар “соцгородок”, карманаликлар эса “соколовка”, деб аташарди.  

Шаҳарга Навоий номи берилиши билан боғлиқ жараёнларга тўхталсангиз?

Отам зиёли киши эди. Рус, араб ва форс тилларини мукаммал биларди. Адабиётни, айниқса, мумтоз адабиётни севиб мутолаа қиларди. Кунларнинг бирида янги шаҳарга марказнинг Чернишевский номи беришмоқчи эканлиги ҳақидаги гап-сўзни эшитиб, ўша пайтларда Республика раҳбарияти Вазирлар Кенгаши раиси Абдураззоқ Мавлонов ва Олий Совет Президиуми раиси Шароф Рашидовга чиқади.  Отам нафақага чиққанига қадар бунинг тафсилотларига умуман тўхталмас эди. Сабаби марказ, айниқса, “Средмаш”нинг иродасига қарши бориш, хайрсиз таваккал эди. Кейинчалик ҳам шаҳарга Алишер Навоий номи берилиши билан боғлиқ ташвишларга кўп эътибор қаратган эмас. Сабаби унга бош-қош бўлганларнинг тақдирини ўйлаган бўлса, керак. 

Хуллас Республикамиз раҳбарияти томонидан шаҳарга Алишер Навоий номини бериш таклифи билдирилиб, шунга комбинат, туман ва Бухоро вилояти фаолларини тайёрлаш топшириғи берилади. 

Ушбу “маърифий тадбир” ҳам жуда катта эҳтиёткорликни талаб этган. Ниҳоят шаҳарга олий мартабали меҳмонлар келишиб, Кармана туман қўмитасининг бюросида масала кўриб чиқилади. Биринчи сўзни олган комбинат ишчиси шаҳарга Алишер Навоий номини бериш таклифини билдиради. Таклиф кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланиб, ўзбек халқи ва отамнинг орзуси рўёбга чиқади.

P.S. Шаҳар Алишер Навоий номини олгач, у узоқ йиллар, ҳатто вилоят маркази мақомини олгач ҳам НКМК балансида қолди. Қадим Кармана эса Навоий туманига айлантирилди. Ҳазратнинг кўримсизроқ ҳайкали ҳам Карманага ўрнатилди. Аввалига “эски шаҳар”, деб аталиб келган Кармана кейинчалик Ўзбекистон харитасидан ҳам туширилди. Фақат мустақиллик туфайлигина унинг номи қайта тикланиб, кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Дарвоқе, бунинг ўзи алоҳида мавзу.

Темур ЭШБОЕВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn