Ўзбекистонда канопчиликнинг аҳволи, муаммолари ва истиқболи хусусида
  • 07 Февраль 2018

Ўзбекистонда канопчиликнинг аҳволи, муаммолари ва истиқболи хусусида

Яқинда давлатимиз раҳбари Тошкент вилоятига ташрифи давомида канопчиликни ўзлаштириш, бу орқали қимматбаҳо хом ашё етиштириш, уни чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. 

Хўш, юртимизда каноп етиштиришга жиддий эътибор қаратилаётганининг боиси нимада? Саноатимиз ривожида ушбу экин қандай роль ўйнайди?

Каноп ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаганларда шу каби саволлар туғилаётгани табиий. Чунки ҳозирги пайтда юртимизда ушбу экин экилмайди. 

Каноп — ғўзадошлар оиласига мансуб, намга, ҳарорат ва  ёруғликка талабчан ўсимлик. Уни республикамизнинг деярли барча вилоятида етиштириш мумкин. Геткаридан ўртача 100-120 центнер кўк поя, 4-5 центнер уруғ олинади. Юртимиз тупроқ-иқлим шароитида 150-180 центнер кўк поя, 8-9 центнер уруғ олиш мумкин. Илғор агротехнолгиялар қўлланилса, ушбу кўрсаткичлар янада яхшиланиши, шубҳасиз.

Маълумотларга қараганда, каноп ўсимлиги Тошкент вилоятида 1939 йилдан саноат миқиёсида етиштирила бошланган. Масалан, ўтган асрнинг 80-йилларида 22 минг гектар ер майдонида парваришланиб, 350 минг тоннадан зиёд каноп хом ашёси тайёрланган. Ўз навбатида, хом ашё 11 канопни қайта ишлаш корхонасида қайта ишланиб, 37 минг тонна тола олинган. 

Каноп толаси майинлиги, пишиқлиги, саноатбоплиги, яъни яхши тўқилиши билан ажралиб туради. Ундан ишланган маҳсулотлар намликни ўзига тортиши ва тез ўтказувчанлиги (гигроскопик) туфайли бошқа техник ўсимликлардан устун туради. 

Ҳозирги пайтда каноп иплари электротехника саноатида кабель маҳсулотлари ишлаб чиқаришда, тўқимачилик саноатида ҳар хил газламалар, мебель матолари ва гилам тўқишда, халқ хўжалигида брезент, арқон, ўт ўчириш учун ишлатиладиган эгилувчан шланглар тайёрлашда асосий хом ашё саналади. 

Шуларнинг ўзи канопнинг иқтисодиётдаги аҳамияти нечоғлик катта эканлигини кўрсатиб турибди. Демак, мазкур тармоқнинг йўлга қўйилиши экспортбоп маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтириш имконини беради.

Искандар АНАРБАЕВ,

Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи,

қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.    

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn