100 миллионта кўчат парваришланса, атмосферага қанча фойда келтиради?
  • 07 Февраль 2018

100 миллионта кўчат парваришланса, атмосферага қанча фойда келтиради?

 

Сайёрамиз экологиясининг қалқони бўлган ўрмонларни асраш, яшил майдонларни кенгайтириш давримизнинг долзарб масалаларидан биридир. Боиси табиатнинг “яшил қўрғони” кун сайин қисқариб, маълум қисми бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Термиз давлат университети Экология кафедраси мудири Холмат  Зокировнинг айтишича, ўтган минг йилликнинг бошларида сайёрамиз қуруқлик юзасининг деярли ярми ўрмонлардан иборат бўлган бўлса, ХХ аср ўрталарига келиб, бу кўрсаткич 27 фоиз, аср охирида эса қарийб 15 фоиз камайган. Бу, ўз  навбатида, инсониятга катта ташвиш келтириши мумкин. Бинобарин, ўрмонларнинг йўқ қилиниши ёхуд улардан пала-партиш фойдаланилиши сув режимининг бузилишига, биологик хилмахилликнинг издан чиқишига, сув тошқинлари, эрозия ва қурғоқчиликлар юзага келишига сабаб бўлади. 

Ҳисоб-китобларга қараганда, ўрмонлар кесилиши натижасида келиб чиқадиган умумбашарий зарарларни қоплаш учун ҳар йили 150 миллион гектар ерга кўчат экилиши керак экан.

— Ўсимликлар дунёси инсон саломатлиги учун шифобахш хусусиятга эга, — дейди Ўзбекистон Экологик ҳаракати Сурхондарё ҳудудий бўлинмаси координатори Эшбўри Худойбердиев. — Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўртача бир гектардаги кенг баргли ўрмонлар 4-5 кг., нинабаргли ўрмонлар 7-8 кг. шифобахш моддалар ажратиб, турли бактерияларни зарарсизлантиради. Бошқача қилиб айтганда, бир гектар ўрмон 150 — 200 минг аҳоли яшайдиган ўртача бир шаҳар ҳавосини тозалаб туриш имкониятини беради. 

Шу маънода, мамлакатимизда ўрмонлар ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Олиб борилаётган тадбирлар қаторида ҳали олдимизда турган ишлар ҳам оз эмас. Аввало, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш лозим. Экологик таълим-тарбия тизимини ривожлантириш йўналишидаги истиқболли лойиҳаларни нафақат таълим муассасалари, балки ўзимиздан бошласак, тўғри бўлади. Ҳилла қурса, ҳовлимиз олдида ниҳол экиб, маҳалламизни кўкаламзорлаштиришга кўмаклашайлик. 

Зеро, оз-оз йиғилиб дарё бўлади, деганидек, бир йилда 100 миллион кўчат экилиб, кўкартириб олинса, атмосферага карбонат ангидрид гази чиқарилишини 18 миллион тоннага қисқартириш мумкин экан. Бу қанчадан-қанча инсонлар саломатлигига, экологияга катта наф келтиради.

Р. ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn