Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи ошишига нималар сабаб қилиб кўрсатилмоқда?
  • 07 Февраль 2018

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи ошишига нималар сабаб қилиб кўрсатилмоқда?

 

Мамлакатимизда тадбиркорлик қилиш учун барча шароит яратилган. Аммо шунга қарамай, ноқонуний фаолият олиб бораётган фуқаролар учраб турганлиги асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг нарх-навоси ўсиб кетишига ҳам сабаб бўлмоқда. 

Андижон вилоят давлат солиқ идоралари ходимлари солиқ солиш базасини янада кенгайтириш, янги ишчи ўринларини яратиш, нарх-наво  мўътадиллиги юзасидан профилактик суҳбатлар, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бормоқдалар.

Андижон шаҳар давлат солиқ инспекциясининг чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўлими ходимлари “Марказий деҳқон бозори”да тадбиркорлар билан мулоқотда ҳукуматимиз томонидан берилаётган имтиёзлар, нарх-навонинг сунъий равишда ўсишига йўл қўймаслик, ёлланма ишчиларни белгиланган тартибда расмийлаштириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқда.

— Февраль ойининг дастлабки икки кунида 26 нафар фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди, — дейди Андижон шаҳар давлат солиқ инспекцияси бош инспектори Анваржон Раҳмонов. — Фаолиятини вақтинчалик тўхтатганлар билан олиб борилган профилактик суҳбатлар ҳам самарасини берди. Улардан 32 нафари  фаолиятини тиклади. 11 нафар ёлланма ишчига меҳнат дафтарчаси очилиб, иш билан таъминланди.

— Очиғи, шу пайтгача, савдо қилиш жараёнида “текширувчи келиб қолса, нима қиламан?” деган ҳадик билан юрардим, — дейди цитрус мевалари билан савдо қилувчи Гулжаҳон Исломова. — Солиқ ходими келиб, “Опа, тадбиркор бўлишни истайсизми?” деб сўраганда, “Албатта”, дедим. Йўл-йўриқлар кўрсатишди. Керакли ҳужжатларни олиб, “Ягона дарча” марказига бордим. Кўп вақт кетса керак, деб ўйлагандим. Йўқ, бир кунда ҳужжатли тадбиркор бўлдим. Мана, бемалол савдо қиляпман.

Қонунга риоя қилинса, ишда унум, кўнгилда хотиржамлик бўлади. Муҳими, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати ортади. Бозорларимизда нарх-навонинг асоссиз равишда ўсиб кетишига йўл қўйилмайди. Бунга “Марказий деҳқон бозори”да гувоҳ бўлдик. Шакар — 4 минг 700, гўшт маҳсулотлари — 29 минг, картошка эса — 3 минг сўмдан сотилмоқда. 

Дилмурод ПАРПИЕВ,

Андижон вилоят давлат солиқ бошқармаси

жамоатчилик билан алоқалар ва 

ҳуқуқий ахборот бўлими бош мутахассиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn