Вазифалар ҳисобот учун эмас, самарадорлик учун бажарилади
  • 07 Февраль 2018

Вазифалар ҳисобот учун эмас, самарадорлик учун бажарилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси йиғилишида Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижросини таъминлашда фракция олдида турган долзарб вазифалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, фракциянинг 2018 йилги иш режасига кўра, депутатлар ҳудудларда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш масалаларини атрофлича ўрганади. Бу бўйича масъул депутатларнинг ахбороти тақдим этилди.

Муҳокамаларда асосий эътибор Давлат дастурида кўзда тутилган қонунчилик билан боғлиқ масалаларга қаратилди.

Жорий йилда фракция аъзолари томонидан Қонунчилик палатаси муҳокамасига “Иссиқлик таъминоти тўғрисида”ги, “Давлат минимал ижтимоий стандартлари тўғрисида”ги ҳамда “Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларининг киритилиши айтиб ўтилди. Депутатларнинг фикрича, мазкур лойиҳалар жойлардаги мавжуд ҳолатни атрофлича ўрганиш натижалари, одамларнинг бу борадаги фикрларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Йиғилишда қонун лойиҳаларига масъул бўлган депутатларга тегишли вазифалар юклатилди. Таклифларни жойларда шакллантириш, бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида фаолият олиб бораётган ижрочи котиблар масъулиятини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, фракциянинг назорат-таҳлил фаолияти таҳлил этилиб, шу йилда амалга оширилиши зарур бўлган саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтилди.

Чунончи, Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда ўрганиш муҳимлиги қайд этилди. Айни чоғда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг ижросини ҳамда Давлат бюджетидан ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг самарали ишлатилиши устидан депутатлик назоратини олиб бориш билан боғлиқ вазифаларни кечиктирмасдан бажариш лозимлигига урғу берилди.

Фракция аъзолари Давлат дастурининг ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларида кўзда тутилган вазифалар устидан парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга эътибор қаратишди. Белгиланган чора-тадбирларни шунчаки ҳисобот учун эмас, балки амалда инсонлар ҳаётига амалий ўзгаришларни олиб кириш талаби билан бажариш бўйича қатъий талаб қўйилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси семинарида мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш ва ривожлантиришда хорижий инвестициялар ва илғор замонавий технологияларни кенг жалб қилишни фаоллаштириш масалалари муҳокама этилди.

Инвестицияларни фаол йўналтириш иқтисодий ўсишнинг жадал суръатларини таъминлаш, таркибий ўзгаришлар жараёнларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, унинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини оширишнинг энг муҳим ва зарур омилидир. Ушбу йўналишда мамлакатимиз дунёнинг кўплаб давлатлари билан ўзаро манфаатли муносабатларни жадал ривожлантирмоқда.

Семинарда депутатлар хусусий инвесторларни иқтисодиёт тармоқларига жалб қилиш учун қулай шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди. Қайд этилганидек, юртимизда инвестициявий бизнес муҳитини янада тараққий эттиришга қаратилган аниқ сиёсий, қонунчилик ва маъмурий ўзгаришлар рўёбга чиқарилмоқда. Бу борадаги ислоҳотларни тадбиркорлар, умуман, кенг жамоатчиликка етказишда депутатларнинг, партия фаолларининг аҳоли билан мулоқотларини самарали ва тизимли ташкил этиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn