Хотин-қизларга оид давлат сиёсати — янги босқичда
  • 07 Февраль 2018

Хотин-қизларга оид давлат сиёсати — янги босқичда

Аёл ва оила. Уларни бир-биридан айро ҳолда тасаввур қилиш қийин. Зотан, Яратган мўъжизаси саналган аёл зоти ўз бахту саодатини, аввало, оилада ва фарзандлари қиёфасида кўрса, оиладаги файзу бараканинг, меҳру оқибатнинг барқарорлигида аёл ўрни ҳамда таъсирини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан танишар эканмиз, ушбу ҳақиқатни яна бир карра юракдан ўтказдик. Унда аёлларни эъзозлаш, жамиятнинг бош бўғини — оилани ривожлантириш фақат шиорлару ҳисоботларда эмас, балки реал ҳаётда тасдиғини топиши учун  аниқ мақсад ва вазифалар қамраб олингани ғоятда қувонарлидир.

Мазкур ҳужжат билан танишиш асносида бир жиҳат эътиборимизни тортади. Бугун юртимизда жамики опа-сингилларимиз ўз турмушидан, оила ва жамиятдаги мавқеидан мамнун, дейишимиз жуда қийин. Акс ҳолда ижтимоий, иқтисодий қийналган, ҳуқуқбузарлик ёки жиноятга қўл урган, оилавий низолардан азият чеккан, боши берк кўчага кириб қолган, ҳатто ўз жонига қасд қилишгача борган аёллар учрамас эди. Президентимиз Фармонида ана шундай оғир вазиятларга тушган хотин-қизларни, ногиронлиги бўлган аёлларни ўз вақтида аниқлаш ва манзилли қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида бандлик даражасини ошириш, оилавий ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни кўриш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик профилактикасини кучайтириш масалалари илгари сурилди. Муҳими, айни вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг шахсан жавобгарлиги белгилаб қўйилдики, бу тузилма фаолиятида айрим ҳолларда кузатилган юзаки қараш ва кўникмаларга буткул чек қўяди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган аёлларнинг яшаш шароитини яхшилашдек инсонпарварликка йўғрилган саъй-ҳаракатларнинг дебочасини ўтган йили 1 минг 200 дан зиёд опа-сингилларимизга арзон уй-жойлар ажратилганида ҳам кўришимиз мумкин. Эндиликда Фармон доирасида бундай ишларнинг қамрови ҳам, салмоғию суръати ҳам янада жадаллашиши табиий.

Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти номзодларига қўйиладиган ёш чегараси узайтирилгани ҳамда бу мукофот ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан икки нафардан иқтидор соҳибасига тақдим этилиши интилувчан қизларимизга катта рағбат бағишлайди. Ўз навбатида, “Мўътабар аёл” кўкрак нишонининг таъсис этилиши хотин-қизларимизни давлат ва жамият ҳаётида фаоллик, ташаббускорлик кўрсатишга, мустаҳкам оилаларни шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишларига муносиб ҳисса қўшишга ундайди.

Аёлни қадрлаш, унга ҳар томонлама таянч бўлиш, биринчи галда, оилалар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришни тақозо этади. Шу маънода, Фармонда оилавий қадриятлар ва анъаналар йўналишида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб бориш мақсадида Республика “Оила” илмий-амалий маркази негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил қилиниши бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғояси ҳамда “Оила — жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш мазкур марказнинг асосий вазифалари қаторидан жой олгани, хотин-қизлар ва оила масалаларини ҳал этишдаги масъулияти оширилгани эътиборга моликдир.

Фармонга биноан, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари уларнинг никоҳ муносабатларига оид актларни расмийлаштириш, оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш билан боғлиқ бўлган асосий фаолият йўналиши бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилади. Оила ва хотин-қизлар масалаларида тизимли ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ФҲДЁ органи, “Оила” марказининг туман (шаҳар) бўлими ҳамда хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича бошқа тузилмалар фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш туман (шаҳар) ҳокими ўринбосари — хотин-қизлар қўмитаси раиси зиммасига юклатилди. 

Ушбу ўзгариш ва янгиланишлар замирида, албатта, аёллар манфаати кафолатларини кучайтириш, ижтимоий-маънавий соғлом оилаларни кўпайтириш, пировардида соғлом авлодни камолга етказиш ва соғлом келажакка интилишдек устувор мақсадлар мужассам.

Фармон ижросининг сўзсиз таъминланиши орқали ҳар бир аёлга ўз орзу-истакларини рўёбга чиқариши учун имкон яратилади, хотин-қизларга оид давлат сиёсати том маънода янги босқичга кўтарилади. Бинобарин, миллат тарбиячиси бўлган аёлларга эътибор ва ғамхўрликнинг кучайиши мамлакатимиз тараққиётида, жамиятимизнинг маънавий юксалишида ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Сайёра АБДИКАРИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn