Мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳити — тадбиркорлар нигоҳида
  • 07 Февраль 2018

Мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳити — тадбиркорлар нигоҳида

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан айни мавзуда ўтказилган тадқиқот жиддий аҳамиятга молик, қизиқарли ва кутилмаган натижаларни тақдим этди.

Унда республикамиз ҳудудларида иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритаётган мингдан зиёд тадбиркорлар хусусий секторни ривожлантириш соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳаётбахшлиги ва самарадорлиги юзасидан ўз нуқтаи назарини билдириш баробарида, жойларда бизнес вакиллари дуч келаётган муаммолар ҳамда долзарб вазифаларни очиқ-ойдин баён қилди.

Таъкидлаш жоизки,  мамлакатимизда аниқ ва устувор мақсадларни қамраб олган Ҳаракатлар стратегияси амалиётга йўналтирилиши билан миллий иқтисодиётда тадбиркорлик тузилмалари иштирокини кенгайтиришга қаратилган бозор механизмлари татбиқ этила бошланди. Бизнес вакилларига давлат хизматлари кўрсатиш сифати, мақбуллиги ва шаффофлигини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш учун “ягона дарча” марказлари ҳокимликлар тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат фонди тузилди. Давлатимиз раҳбарининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Савдо-саноат палатаси ишини тубдан ислоҳ қилишга киришилди. Давлат органлари томонидан ишбилармонлар фаолиятига асоссиз аралашувларнинг олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти жорий этилди. Валюта сиёсатининг либераллашуви эса тадбиркорларнинг ташқи иқтисодий фаолиятини жонлантиришга туртки берди. 

2018 йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилиниши  Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича бутунлай янги вазифаларни кун тартибига қўяди.  Бу вазифалар яқинда қабул қилинган тегишли Давлат дастурида ҳам ўз ифодасини топган. 

Ижтимоий сўровнинг кўрсатишича, тадбиркорлар ва  фермерларимизнинг мутлақ кўпчилиги (84,7 фоизи) ўтган йилги фаолияти натижаларидан қониқади. Айниқса, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари респондентлари шахсий бизнесидаги ютуқларидан мамнунлигини қайд этган. 

Тадқиқотда қатнашган ишбилармонларнинг катта қисми (78,7 фоизи) ўз ҳудудларида бизнесни юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратилган, деб ҳисоблайди. Ҳудудлар кесимида пойтахт респондентларининг 90 фоизи, Навоий вилояти вакилларининг 88 фоизи, андижонлик, жиззахлик тадбиркорларнинг 87 фоиздан ортиғи ана шундай фикрда. Сўровда қатнашган қорақалпоғистонлик ишбилармонларнинг ярми Оролбўйи ҳудудида улар учун мавжуд имкониятларни қулай деб ифодалаган бўлса, Сирдарёда 28 фоиз, Тошкент вилоятида 25,3 фоиз, Сурхондарёда 21,1 ва Хоразмда 20 фоиз респондент бизнес учун ўзлари яшаётган жойдаги шарт-шароитларни салбий баҳолаган. 

Таҳлиллар асносида аниқландики, сўралганларнинг кўпчилиги — 95,1 фоизи сўнгги бир йилда бизнес юритиш учун шарт-шароитлар “яхшиланди” ёки “аввалгидек яхшилигича қолди” деган фикрга таянадилар. Аммо Тошкент вилоятида 9,9, Сирдарё вилоятида 8 фоиз респондент ишбилармонлик муҳити “ёмонлигича қолди” ёки “ёмонлашди” дея жавоб берган. 

Умуман, тадбиркорлар ва фермерлар ўз ишини изчил ва самарали ташкил этиши учун қандай қулайликлар зарур? Бу масалада тадқиқот иштирокчиларининг 20,6 фоизи кредит олиш имкониятини таъминлаш, 8,5 фоизи сув, газ, электр ва иссиқлик таъминотини узлуксиз йўлга қўйиш, 6 фоизи солиқларни камайтириш кераклигини таъкидлайди. Сирдарёдан 50, Қашқадарёдан 46,5 ва Сурхондарёдан 42,3 фоиз сўралганлар кредит олиш билан боғлиқ муаммоларни илгари сурса, андижонлик ва наманганлик ишбилармонларнинг бир қисми энергия ресурслари ва сув таъминотида қатор қийинчиликларга дуч келишаётганини билдирган.

Сўров натижаларининг кўрсатишича, юртимизда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш қонунчиликда белгиланган муддат доирасида амалга оширилмоқда. Кўпчилик тадбиркорлар (69 фоизи) бу муддат 7 кундан ошмаслигини айтади.

91,7 фоиз респондентларнинг фикрича, рухсатнома ва лицензия олиш жараёнлари ҳам етарлича шаффоф ҳамда ҳеч қандай норасмий тўловлар талаб қилинмайди.

Бироқ тадбиркорлик ёки фермерлик фаолиятини муваффақиятли олиб боришга халал бераётган муаммолардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Маҳаллий ҳокимият ва назорат органлари амалдорларининг бюрократик ёндашуви, коррупцияга оид ҳолатлар шулар жумласидандир. Чунончи, респондентларнинг 43,2 фоизи маҳаллий ҳокимликлар хизматларида коррупция иллати нисбатан кам, 5,7 фоизи эса кўп учрайди, деган хулосани берди. Тошкент вилоятидан 41,1 фоиз иштирокчи коррупция ҳолатлари мавжудлигини истисно қилмайди. Бундай қараш самарқандлик тадбиркорларнинг 31,4 фоизида кузатилса, сурхондарёлик респондентларнинг 26,8 фоизи айрим ҳолларда коррупцияга йўл қўйилаётганини инкор этмайди.

Маҳаллий ҳокимият ва назорат органлари томонидан ўтказиладиган ортиқча текширишлар — бу ҳам тадбиркорнинг, содда қилиб айтганда, “тинкасини қуритадиган” вазият. Аҳамиятлиси, сўров иштирокчиларининг 78,6 фоизи сўнгги 12 ойда текширишлар сони сезиларли қисқарганини билдирди. Лекин хусусий сектор вакилларининг пойтахт вилоятида 55,6 фоизи, Наманган вилоятида 20,9 фоизи текширишлар кўпайганини келтирди.

Тадбиркор ва фермерларнинг 69,9 фоизи текширишларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича маслаҳат хизмати кўрсатилишини мақбул жиҳатлардан санайди. 

2017 йилда айнан қайси давлат идоралари тадбиркорлар фаолиятига кўпроқ аралашганини аниқлаш мақсадида берилган саволга жавобан ҳокимликлар, солиқ хизматлари ва ички ишлар органлари вакиллари кўрсатилди. Қайд этилишича, улар, асосан, тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш фаолиятига, қаерга ва кимга пул ўтказиш, ишлаб чиқариш биноларини ижарага олиш масалаларида кўпроқ таъсир ўтказмоқда. Бухоро, Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларидаги респондентларнинг фикрига кўра, тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш фаолиятига маҳаллий ҳокимликларнинг аралашиши кенг тарқалган. Жиззах ва Самарқанд вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси бизнес вакиллари учун пулни кўчириш энг долзарб муаммодир. 

Албатта, давлат бошқаруви ва назорат органлари томонидан бўладиган турли ғайриқонуний ҳаракатларга тўсиқ қўйиш учун ҳуқуқий саводхонлик жуда муҳим. Шу маънода, тадқиқот қатнашчиларининг 41 фоиздан зиёди ўз ҳуқуқларидан яхши хабардорлиги, 53 фоизи умумий жиҳатдан билиши, ҳар ҳолда, ёмон кўрсаткич эмас. Респондентлар юртимизда тадбиркорлар фаолиятини ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминловчи зарур қонуний база шаклланганини тасдиқлайди. Ҳуқуқлари бузилган ҳолларда уларнинг 26 фоизи Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига ёки Халқ қабулхоналарига, 29,7 фоизи прокуратурага, 13 фоизи маҳаллий ҳокимликларга, 9,3 фоизи судга, 4,8 фоизи эса бизнес-омбудсманга, 3,3 фоизи адвокатларга мурожаат қилган. Сўралганларнинг атиги 3,2 фоизи Савдо-саноат палатасига мурожаат этганидан англаш мумкинки, уларнинг мазкур тузилмага ишончи нисбатан паст даражада қолмоқда.

Тадқиқот хулосаларидан яна бири — мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитининг янги сифат босқичига чиқишини респондентларнинг мутлақ кўпчилиги (98,5 фоизи) давлатимиз раҳбари олиб бораётган жадал суръатдаги ислоҳотлар билан боғлайди.

Ишбилармон доиралар вакиллари Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида янада залворли ютуқларни қўлга киритишга умид қилмоқдалар. Уларнинг фикрича, жорий йилда замонавий техника ва юқори технологияларни жорий қилиш асосида ишлаб чиқаришни модернизациялаш ҳамда рақобатдош маҳсулотлар етказиб бериш учун имкониятлар тобора кенгаяди, мамлакатнинг экспорт салоҳияти юксалади ва шубҳасиз, халқимиз турмуш фаровонлиги ошади.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш 

маркази материаллари асосида

Ф. МАҲКАМОВА тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn