Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб электрон визалар бериш тартиби жорий этилади 
Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб электрон визалар бериш тартиби жорий этилади  Фото: sputniknews-uz.com
  • 05 Февраль 2018

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб электрон визалар бериш тартиби жорий этилади 

Жорий йилнинг 10 февралидан бошлаб 7 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга 30 кунга визасиз тартибда келишлари мумкин бўлади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида келтирилган. 

Ҳужжатга кўра, 2018 йилнинг 10 февралидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш учун Исроил Давлати, Индонезия Республикаси, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси ва Япония фуқаролари учун 30 кунга визасиз кириш тартиби ўрнатилади.

Шунингдек, 10 февралдан бошлаб яна 39 мамлакат учун сайёҳлик визалари расмийлаштириш тартиби соддалаштирилади. Улар орасида Австралия, Голландия, Ҳиндистон, Хитой, Канада, АҚШ,  Саудия Арабистони, БАА, Швеция ва бошқалар бор.

Шунингдек, Президент Фармонига кўра, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб электрон визалар бериш тартиби жорий этилади.

Булардан ташқари, ахборот-коммуникация технологияларини туризм соҳасига жадал татбиқ этиш мақсадида ушбу Фармон билан қуйидагилар белгиланди:

— 2018 йилнинг 1 январидан эътиборан туризм маҳсулотларини сотиш ва/ёки туризм хизматларини онлайн бронлаш бўйича хизмат кўрсатувчи хўжалик юритувчи субъектларга электрон тўловлар, бронлаш, эквайринг ва бошқа электрон хизматларни татбиқ қилиш, шунингдек, туризм хизматларининг замонавий турларини таклиф қилувчи ихтисослаштирилган интернет-сайтлар ва порталларни йўлга қўйишни рағбатлантиришга йўналитирилган солиқ имтиёзларини тақдим қилиш;

— жамоат жойларида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудлари (Wi-Fi) билан жиҳозлаган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга фойдаланувчиларнинг шахсини мажбурий тартибда аниқлаш билан биргаликда тегишли сифатдаги уланишни таъминлаш бўйича мажбурият қўйиш;

— ўз ҳудудида Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) ўрнатган хўжалик юритувчи субъектларга тегишли сифатдаги симсиз уланиш ҳудудини кенгайтириш учун асбоб-ускуналарни харид қилиш ва интернет-трафикни сотиб олишга йўналтирилган солиқ имтиёзларини жорий қилиш;

— Интернет тармоғига симсиз бепул уланиш ҳудудларини (Wi-Fi) барпо этган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларга бундай ҳудудлар ташкил этилган жойда беғараз асосда 18 кв. м.дан ортиқ бўлмаган майдондаги реклама баннери ёки ромларини ўрнатиш ҳуқуқини тақдим этиш.

Шунингдек, мазкур фармон билан туну кун намойиш этадиган «Dunyo Buylab» телеканали Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ички туризм, дам олишнинг фаол турлари ва спорт туризмини ривожлантириш, маданий мерос объектлари ва табиий бойликлар, шу жумладан, қўриқланадиган табиат ҳудудларини сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича ўтказиладиган тадбирларни ёритиш масалалари бўйича ахборот ҳамкори сифатида белгиланди.

Эслатиб ўтмиз, охирги йилларда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйчи жиддий чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳар бир вилоятнинг ўз туристик брендини ишлаб чиқариш, ички туризмни ривожлантириш, Ўзбекистонни хорижда тарғиб қилиш учун турли хорижий телеканаллар орқали видеолавҳалар ва ҳужжатли фильмлар намойиш қилиш кабилар шулар жумласидандир.

Статистик маълумотларга кўра, 2017 йилнинг январь сентябрь ойида хорижлик сайёҳларга берилган визалар сони 2016 йилнинг ушбу даврига нисбатан 24%га ошиб 96 752 мингтани ташкил қилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn